Маъмурий суд 6 майда «Клооп»нинг Марказий сайлов комиссияси устидан ёзган даъво аризасини қаноатлантирмади.
«Клооп» референдум ва маҳаллий кенгашни сайлаш вақтида йўл қўйилган қонунбузарликларга нисбатан берилган даъво аризалар бўйича МСКнинг қароридан қониқмагани сабаб судга мурожаат қилган.
«Клооп» МСКни судга берди. Сабабини тушунтирамиз
Даъволар
Олдин «Клооп» МСКга икки ариза йўллаган. Унда Бишкек ҲСКнинг қарорига ва бир қанча ҳудудий сайлов комиссияларининг ҳаракатидан шикоят қилган. «Клооп»нинг кузатувчилари Бишкек ҳудудий сайлов комиссияси бузишлар бўйича далилларни тўлиқ кўриб чиқмасдан қарор чиқаргани учун МСКга мурожаат қилган.
Аризалар пойтахтдаги 26 участкада овоз санаш тартиби бузилгани ва техник хатолар ҳақида акт тузилмагани кўрсатилган. Шунингдек, кузатувчилар аризасида протоколларни қайта кўчириб ёзишга ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилишган.
МСКнинг ишчи гуруҳи Бишкек ҲСКга бир нечта участканинг — №1014, 1128, 1138 ва 1107 — комиссия аъзоларининг жавобгарлигини кўриб чиқиш ҳақида таклиф берган.
Иккинчи даъво аризада «Клооп»нинг кузатувчилари Қирғизистондаги кўплаган участкалардаги овоз бериш натижасини бекор қилишни ва бир қатор ҳудудий сайлов комиссия аъзоларининг ҳаракатларига эътибор қаратишни сўраган.
Натижада МСКнинг ишчи гуруҳи фақат Ўш, Сокулук, Новқат ва Иссиқота ҳудудий сайлов комиссияларига огоҳлантириш беришни таклиф қилган. Ўш шаҳар ва Иссиқота туман ҲСК бошчиларига №5307, 5308 ва 7150 сайлов участкаларининг раҳбарларига ҳайфсан эълон қилишни айтишган.
Шунингдек, мазкур участкаларда кузатувчилар УСК аъзолари референдум натижасини бекор қилишга асос бўладиган қонун бузишга йўл берилганини аниқлашган.
Масалан, бу участкаларнинг иккисида кузатувчилар бюллетенларни урнада дасталаб ташлаш фактига гувоҳ бўлишса, учинчисида УСК аъзолари кузатувчиларнинг огоҳлантиришига қарамай, овозларни қўл билан санашдан бош тортишган.
Суд
«Клооп»ни МСКнинг қарорлари қаноатлантирмагани сабаб, кузатувчилар судга мурожаат қилишга қарор қилишган. Мажлис натижасида маъмурий суд «Клооп»нинг МСКга нисбатан даъво аризасини қаноатлантирмади.
Барча ҳолатларни ҳисобга олиб суд МСК қонуний қарор чиқарган, «Клооп» нашрининг сабаблари асоссиз деган қарор чиқарган. Суднинг қарори 6 майда кучга кирди, бироқ «Клооп» бундан шикоят қилади.
«Клооп»нинг юристи Камила Тогойбаева нима сабабдан «Клооп» суднинг қароридан норозилигини тушунтирди.
«Биринчи навбатда суд ишнинг барча ҳолатларини текшириши керак эди. Томонлардан қўшимча маълумот ёки далилларни талаб қилиб, келтирилган далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, савол бериши керак эди», — деди Тогойбаева.
Бироқ суд МСКнинг вакилига биргина савол бериш билан чекланди. Суд «Клооп» далилларни таъминламаган деган сабабни айтди. Бироқ «Клооп»нинг юристлари барча далилларни берганини, бироқ эътиборсиз қолдирилганини таъкидлашди.
«Суд қарор қабул қилинаётганда, нима сабабдан бир далилни бошқаларга нисбатан ишончли деб топганини ва қайсидир фактни далилланди, иккинчиси исботланмади деган қарорга келганини тушунтириб бериши керак эди. Юқорида айтилганларнинг ҳаммаси адолатли текширув принципи қўпол бузилганидан хабар беради», — деб ҳисоблайди Тогойбаева.
«Клооп» кузатувчиларининг иши
Маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтган сайлов ва Конституцияни ўзгартириш бўйича референдумга «Клооп» ўлка бўйича сайлов участкаларига 3000 яқин кузатувчи юборган. Сайлов вақтида «Клооп»нинг кузатувчилари сайлов жараёнида қонунбузарликларнинг 840 ҳолатини қайд этишган.
Шунингдек, «Клооп» автоматик сановчи урналар (АСУ) берган дастлабки протоколлар билан МСКнинг сайтида берилган якуний протоколларнинг орасида юздан ортиқ мос келмасликларни топган.
Янги Конституция бўйича референдум 2020 йили парламент сайловидан кейин бошланган сиёсий инқироз оқибати бўлди. Уни амалдаги президент Садир Жапаров ҳукуматни босиб олиши билан таклиф қилган.
Референдум ўтди деб топилди, МСКнинг маълумоти бўйича, сайловга келганларнинг кўпи янги Конституция учун овоз беришган. Сайловнинг охирги натижаси ҳозирча чиқмаган.