Ўшда троллейбус ҳайдовчилари раҳбарни истеъфосини талаб қилишмоқда

254

Ўш шаҳар муниципал автомашина ишхонасининг троллейбусни 30га яқин ҳайдовчиси 6 майда норозилик акциясига чиқди. Улар ишхонанинг ҳисобига тушувчи кунлик режани камайтиришни ва етакчиси Саибжан Турдуевни ишдан бўшатишни талаб қилишмоқда. Ҳайдовчилар бу талаб билан Ўш шаҳрининг мери Таалайбек Сарибашовга ҳам мурожаат қилишди.

45 йилдан бери троллейбусда ҳайдовчилик қилган Бектемир Мамиров ишхонага янги келган етакчи билан ходимлар ишлаша олмай қолганини айтди. Унинг айтишича, Турдуев коллектив билан маслаҳатлашмай, ўзбилармонлик билан қарорларни қабул қилиб, буйруқлар чиқаради.

«Бизга техник билими бор, инсофли етакчи керак. Норозилик акциясига чиққан ҳайдовчиларнинг талаби шу. Биз ошиб борса 6-7 минг ойлик оламиз. Баъзан режа бажарилмаса қарз бўламиз. Буни маошдан ушлаб қоляпти», — дейди Мамиров.

Бундан ташқари, ҳайдовчи мазкур ишхона жамоат транспортида йўл ҳақини электрон карта орқали тўлаш бўйича 100 минг сом қарз бўлганини қўшимча қилди. «Бу қарзни ҳар биримизга бўлиб, ойликдан ушлаб қоламиз деяпти. Бизни карта билан нима ишимиз бор, нимага биз тўлашимиз керак?» — деб савол берди Мамиров.

Яна бир ҳайдовчи Иляз Хусанов янги келган раҳбар уни сабабсиз ишдан ҳайдаётганини айтади. У бир кун ишга машинаси йўлда бузилиб қолгани сабаб чиқолмаган.

«Ишга келаётсам машинам йўлда бузилиб қолди, келсам 20 кунга ишдан четлатибди. 20 кундан кейин ишга келсам «сен ишдан модда билан кетдинг» деб етакчининг номидан бизнинг бўлимни Санжар исмли бошчиси айтди. Бироқ етакчи мени ариза ёзишга чақирмади, мен уни кўрмадим. Мен ҳам ёзмайман, ишлайман деб турибман. Мен ҳам оила боқишим керак», — деди Хусанов.

Ҳайдовчи Нурила Кенжебаева ишхона раҳбарларини тез-тез алмашиши ходимлар учун ноқулай бўлаётганини айтади. Сабаби етакчи алмашган сари янги буйруқлар чиқади. Шунингдек, Кенжебаева кунлик режани тўлдиришда муаммолар бўлаётганидан шикоят қилишди.

«Баъзан машина бузилиб 3-4 рейс қолиб кетсак ҳам, 7 рейс қилиб кейин иш кунини ёптиришади. Ҳозир пандемия сабаб ўқишлар онлайн бўлаётгани сабаб талабаларнинг йўқлигидан кунлик режа ҳам тўлмай қолади, ойлик ҳам оз бизда [...]”? — деди Кенжебаева.

Бундан ташқари, 35 йилдан бери троллейбус ҳайдовчиси бўлиб ишлаган Нурулло Жураев кунлик режа тўлмаганидан 4-5 майда икки минг сом қарз бўлиб қолганини айтди. Унинг айтишича, бир қатнов учун қўйилган режанинг суммаси 650 сом, бир кунда 7 қатнов ишхонанинг кассасига 4500 сом тўлаши шарт.

 

«Кунлик режанинг суммаси ҳайдовчиларнинг розилиги билан кўтарилган»

«Клооп»нинг мухбири Ўш шаҳар муниципал автомашина ишхонасининг директори Саибжан Турдуев билан боғланди. Турдуев шаҳардаги троллейбусларнинг бир рейси учун тўлов 200дан 250 сомгача кўтарилганини тасдиқлади. Унинг айтишича, тарифни ошириш ҳайдовчиларнинг розилиги билан бўлган.

«Бунгача бир рейс учун ҳайдовчилар 200дан 300 сомгача тўлаб келишган. Кейин пандемия бўлиб ишхона ортга кетган. Сўнгра аҳоли сони ортиб, ўқув юртлари очилганда биз хронометраж қилиб кўрдик. Охиргиси 2021 йилнинг 19 апрелида 50 сомга ҳайдовчиларнинг розилиги билан кўтарилди», — деди Турдуев.

Ҳозирда Курманжан Датка кўчаси бўйича троллейбус бир рейсга 350 сом, Масалиев кўчаси билан юрган иккинчи қатнов 650 сомдан тўлашади. Шанба ва якшанба кунлари бу кўрсаткич 180дан 200 сомгача туширилади.

Бундан ташқари, Турдуев норозилик акциясига чиққан ҳайдовчилар билан учрашганини айтди. Унинг айтишича, 15 майгача 650 сом кунлик режага қўйилган сумма 500 сомга туширилди. Шунингдек етакчи ҳайдовчилар 2-3 майда режани тўлдиролмагани сабаб шундай йўлга боришганини айтади.

«Ҳайдовчилар олдин менга ёзма мурожаат қилишса бўларди, бироқ бундай бўлмади. Улар ҳақиқатдан ҳам икки кунда режани тўлдира олишмади. Сабаб талабалар онлайн ўқишгани сабаб шаҳардан кетишди ва май ойидаги байрамлар сабаб аҳоли сони камайди. Бироқ биз эксплуатация бошчиси билан биргаликда хронометраж қилиб вақтинча тарифни туширдик», — деб тушунтирди Турдуев.

Шунингдек Турдуев троллейбус ҳайдовчиси Иляз Хусанов ишдан четлатилганини қўшимча қилди. Унинг айтишича, Хусанов меҳнат тартибини бир неча марта бузиб, тушунтириш хати ёзган. Огоҳлантиришлар берилишига қарамай, ишга сабабсиз келмаслик ва кечикиб келиш давом этгани учун қонун асосида ишдан бўшатилган.

«Электрон карталар бўйича ишхона 100 минг сом қарз эмас»

Турдуев жамоат транспортлари ҳақини электрон карта орқали тўлаш бўйича Ўш автомашина муниципал ишхонаси 100 минг сом қарз бўлгани ҳақидаги маълумотларни инкор қилди. Унинг айтишича, ишхона ходимлари ишхонадан қарз бўлган ва ходимлар ҳамкасбига ёрдам бериш мақсадида ёрдам таклифини киритишган.

«Йўл ҳақини электрон карта орқали тўлаш лойиҳаси 2018 йили бошланган. Ўша вақтдан бери ишхонанинг бир ходими ҳайдовчиларга карталарни сотиш мақсадида тарқатган. Бу карталарнинг айримларини ичида пули ҳам бўлган. Кейин уларнинг ҳисобини чиқаролмай, натижада ҳукуматга қарз бўлиб қолган. Унинг ҳамкасблари унга ёрдам мақсадида пул йиғиб бериш қарорини ўзлари қабул қилишган», — деб билдирди Турдуев.

Бундан ташқари, Турдуев ҳар бир ходим ёрдам бериш қарорини ўзи қабул қилишини айтиб, бу мажбурий эмас деб таъкидлади.

Саибжан Турдуев — Ўш шаҳар муниципал автомашина ишхонасининг директори хизматига 2021 йилнинг 13 январида келган. Унгача у Ўш шаҳрининг биринчи вице-мери бўлган. Шунингдек, Турдуев 2018 йили Ўш шаҳар мери вазифасини вақтинча бажарган.

Фойдаланишга ноқулай электрон карталар

Бундан икки йил олдин Ўш шаҳрида троллейбус ва автобусларда йўл ҳақини электрон карта орқали тўлаш тизими ишга тушган. Лойиҳа 2016 йили Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан молияланиб, буни амалга оширишга 684 минг евро ажратилган.

Картанинг уч тури бор: фахрийлар ва ногиронларга, ўқувчилар ва умумий турғунлар учун. Нархи 64 сом.

Электрон картани сотиб олиш учун фахрийлар, ногирон одамлар ва ўқувчилар шахсини тасдиқловчи ва имтиёз берилувчи ҳужжатларни кўрсатиши керак. Оддий карталарни ҳужжатсиз олса бўлади.

Электрон карталар киритилганига икки йилдан ортиқ вақт бўлса ҳам, кўпчилик йўловчилар нақд пул билан тўлашни афзал кўришади. Сабаби йўловчиларга карта олиш ва ҳисобни тўлдириш ноқулай. Шунингдек, автомашина ишхонаси йўловчиларга тушунтириш ишларини олиб бормагани сабаб электрон карта системаси йўлга қўйилмаган.

2019 йилнинг июнида маҳаллий ҳукумат йўловчилар орасида электрон картадан фойдаланишни кўпайтириш мақсадида автобус билан троллейбуслар учун йўл ҳақини нақд тўлаганларга 10 сомга кўтарган. Шаҳар кенгашининг депутатлари кўпчилик овоз билан бу таклифни қўллашган.

Муаллиф: Нурпейил Ашур қизи

Муҳаррир: Зарина Маматжанова