Қирғизистон билан Тожикистон Хожаи Аъло — Ворух йўлини қуришга келишди

Қирғизистоннинг Министрлар кабинетининг сайтида чегарани делимитация ва демаркация қилиш бўйича қирғиз-тожик ҳукумат делегацияларининг 1-2 майда эришилган келишувлари эълон қилинди.

Делегацияни қирғиз томондан МХДҚнинг раиси Камчибек Ташиев ва тожик томондан Тожикистоннинг МХДҚ раҳбари Саймумин Ятимов бошқарган.

Унда томонлар Қирғизистон билан Тожикистоннинг чегара ҳудудларини №43 чегара ҳудудидан №61гача ва №135 чегара ҳудудидан №141гача 1924-1927 йиллардаги миллий-ҳудудий чегара қисмининг ва 1989 йилдаги паритет комиссиясининг ҳужжатларидан фойдаланишга келишган.

Шунингдек томонлар топограция ишчи гуруҳига мазкур ҳудудларда қирғиз-тожик давлат чегарасининг лойиҳа ҳудудларини 5-9 майгача ёзиб чиқишни топширишди.

Икки давлатнинг топография ишчи гуруҳларига 5 майдан 9 майгача юқоридаги чегара ҳудудларини аниқлаб, ёзиш топшириғи берилган. Шунингдек ишчи гуруҳлар 17 майгача Қирғизистоннинг Лайлак туманининг Максат, Кулунду, Баткен туманининг Кўктош, Кўктерак, Оқсой қишлоқларидаги ва Тожикистоннинг Овчи Калача, Чорку, Сомониён, Ходжаи Аъло ҳудудларидаги ҳудудларда топографик ишларни бошлаши керак.

Қирғизистон билан Тожикистон Ворух анклавига олиб борувчи муқобил йўл қуриш бўйича шартнома тузган. Маълумотга кўра, мазкур йўл Исфара туманининг Хожа Аъло қишлоғи билан Ворух анклавини боғлайди.

Янги йўл Тожикистон билан Қирғизистон ҳисобидан қурилади. Тожик томон ундан фойдаланади ва ўзи таъмирлайди. Йўлнинг мақоми икки давлатнинг шартномаси асосида аниқланади.

Айланма йўл Капчигай (Танги) аҳоли пунктининг шарқий томони орқали ўтиши таъкидланган. Шунингдек, йўлнинг қурилиш тезроқ бошланиши учун топографик ишчи гуруҳга лойиҳа бўйича ташкилотлар билан бирга 2021 йилнинг 1 июнигача мазкур ҳудуднинг «Баткен туманининг амалда фойдаланишини» ўрганиш топширилган.

Бундан ташқари, Ворух анклавининг чегараси Хожаи Аъло — Ворух йўли қурилгандан кейин аниқланади деб келишилган.

Бунгача Тожикистоннинг бир қанча ОАВлари мазкур келишув ҳақида ёзишган эди.

3 майда МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Қирғизистон билан Тожикистон 9 майгача чегарадаги 112 чақирим ерни аниқлайди деб билдирган. Икки томон бир нечта ҳудудлар бўйича бир фикрга келганини таъкидлаган. Бироқ Ворух анклавига олиб борувчи муқобил йўлнинг қурилиши бўйича келишув ҳақида сўзламаган.

Исфара — Ворух муқобил йўли

2019 йилнинг март ойида ўша вақтдаги вице-премьер-министр Жениш Разаков Тожикистон билан олиб борилган музокаралар натижаси билан қирғиз ҳукумати чегарага яқин ҳудудда яна бир йўл қурмоқчи деб билдирди. Бу йўлдан икки томон ҳам фойдалана олади деб таъкидлаган.

«Айрим таҳлилчилар [Қирғизистон Тожикистонга] коридор берди деган фикрни айтишмоқда экан. Ҳеч қандай коридор берилмаган, бу йўлларга ҳеч қандай мақом берилмаган. Оқсойнинг четига қурилаётган [Ворух — Исфара йўли] енгиллик бўлиши учун қўшимча йўл қатори қурилмоқда. Ундан Қирғизистоннинг ҳам Тожикистоннинг ҳам фуқаролари фойдалан олади», — деган Разаков.

Унинг қўшимча қилишича, қирғизистонликлар ҳайвонларини яйловларга Ворух анклавига кирмай ҳайдаб ўтиши учун қурилаётган Оқсой — Тамдик йўлининг қурилиши тугатилади..

«Протоколда айтилганидай, Оқсой — Тамдик йўлини қирғиз томон қуради деб келишдик. Уни қурилиши бошланган. Бу бўйича пудратчини танлаш бўйича барча тендер масалалари ҳал қилинган. Шу ишларни охирига етказамиз», — деген Разаков.

Қирғиз-тожик чегарасини ҳал бўлмаган муаммоси

Қирғиз-тожик чегарасининг умумий узунлиги 976 чақиримни ташкил қилади. Унинг 504 чақирими демаркацияланган. Қолган ҳудудлари ҳамон аниқланмаган. Икки давлатнинг чегарасини аниқлаш бўйича иш олиб борган халқаро комиссияси қайси ҳужжатларга, харитага таяниш кераклиги бўйича бир фикрга келолмаган.

Тожик томон Ворух Тожик ССРининг таркибида бўлгани кўрсатилган 1924-1927 йилдаги картадан фойдаланиш кераклигини айтса, Қирғизистон 1958-1959 ва 1989 йиллардаги харитадан фойдаланиш кераклигини айтиб келган. Ворух ҳудуди 1950 йиллари Қирғизистонда анклав бўлиб қолган. Қирғиз-тожик чегарасининг мазкур ҳудудида турғунлар орасида можаро ер, яйлов, сув талашиш сабаб келиб чиқади.

Оқсой — Тамдик йўли

Қирғизистон ҳукумати Баткенда Оқсой — Тамдик айланиб ўтувчи автойўлни қурмоқда. Бу йўлнинг қурилишидан 2019 йилнинг 13 мартида можаро чиққан.

Ворухнинг турғунлари бу йўлнинг қурилишига қарши чиқишган, сабаби уларнинг фикри бўйича йўл Тожикистон билан Қирғизистоннинг баҳсли ҳудудларидан ўтади. Қирғиз ҳукумати эса йўлнинг қурилиши Қирғизистон ҳудудида бўлаётганини билдирган.

Кўктош — Оқсой — Тамдик — Кишемиш айланма йўлининг қурилиши 2014 йили бошланган. Мазкур қатнов Тожикистоннинг Ворух анклавИНИ АЙЛАНИБ ЎТИБ, Қирғизистонга қараган Кишемиш яйловига олиб боради. Йўлнинг узунлиги 25 чақирим. 13 мартдаги можародан кейин айланиб ўтувчи йўлга яна тўрт чақирим қўшилган. Транспорт вазирлигининг маълумоти бўйича йўлнинг 21 чақирими битган.

Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларида аниқланмаган ер участкалари кўп. Бу чегара яқин жойларда келишмовчиликлар чиқишига сабаб бўлади. Икки давлатнинг маҳаллий аҳолиси сувдан фойдаланиш ва чегарадан ноқонуний ўтиш масалалари бўйича тез-тез жанжаллашади.