Баткен: Қурбон бўлганларнинг оилаларига 1 млн сом товон тўланади

286

Президент Садир Жапаров 6 майда Баткен вилоятига иш сафари билан бориб, қирғиз-тожик чегарасидаги отишувдан жабрланган Лайлак туманининг Максат қишлоғига борди. Бу ҳақда президентнинг матбуот хизмати билдирди.

Жапаров бугундан бошлаб Максат қишлоғида ва бошқа жабрланган қишлоқларни қайта тиклаш бўйича қурилиш ишларини бошланишини, бузилган уйларнинг ўрнига янги замонавий турар-жойлар қурилишини таъкидлади. Қурилиш ишларини икки ойда битириш режалаштирилмоқда.

«Давлат раҳбари яқин орада Баткен вилоятига ўзгача мақом берилишини, қурбон бўлганлар оиласига 1 млн сом миқдорида компенсация тўланишини, жабрланган тадбиркорларга ҳам ёрдам берилишини таъкидлади», — деб айтилади маълумотда.

Садир Жапаров Максат қишлоғининг турғунлари билан учрашди. 2021 йил, 6 май. Сурат: Султан Досалиев.

Йиғилган аҳоли асосан давлат томонидан қўллов, чегараларни делимитация ва демаркациялаш, пенсия ва ёрдам пуллари, йўқолган ҳужжатларни қайта тиклаш, йўлларни таъмирлаш ва бошқа масалалар бўйича саволлар берди.

Жапаровнинг маҳаллий турғунлар билан бўлган учрашувини президентнинг қўриқлаш хизмати сурат-видеога олишни тақиқлаганини «Азаттык» билдирди.

Қирғиз-тожик чегарасидаги воқеа 28 апрелда Баткен туманининг Кўктош қишлоғидаги «Головной» сув тақсимлагичида тожик томон ўзбилармонлик билан видео кузатув камера ўрнатгани сабаб бошланган.

Чегарадаги отишувлар натижасида 189 киши яраланиб, уларнинг орасидан 36 қирғизистонлик ҳалок бўлган. Марҳумларнинг орасидан 25 киши «Головной» ҳудудига отилган миномётдан ўлган.

Тожикистоннинг расмий ҳукумати жабрланганлар сонини очиқламади, бироқ тожик ОАВлари жанжалда 88 тожик фуқароси яраланиб, улардан 20 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувда 129 уй ва 84 объект жабрланганини маълум қилди.

Шу сабаб қирғиз ҳукумати Баткен вилоятидаги чегарага яқин қишлоқларни қайта тиклашга 700 млн сом ажратган. Унинг 500 млн соми ижтимоий объектлар қуришга сарфланади.

Шу билан бирга ҳукумат жабрланганларнинг уйларини қуриб бериш мажбуриятини олади, бироқ уларнинг ўғирланган мол-мулкига жавоб бермайди. Бу ҳақда аввалроқ МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев билдирган.