Ўмурбек Суваналиев ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакили хизматидан 4 майда бўшатилди. Унинг ўрнига Абдикарим Алимбаев тайинланди.
«Бошқа ишга ўтгани сабаб деб қарор чиқаришибди. Майли дедим. Мен бугун эшитдим», — деди Суваналиев «Азаттык» нашрига.
Суваналиев қайси хизматга тайинланиши бўйича маълумоти йўқлигини қўшимча қилиб, Баткенда ишлаш учун оиласи билан кўчиб келганини таъкидлаган. У Баткен вилоятини 15 февралдан бери бошқаради.
Бундан ташқари, Суваналиев билан бирга унинг ўринбосари Эрлан Сапарбаев ҳам аризаси асосида бўшатилган.
Баткен вилоятининг янги етакчиси Алимбаев Давлат чегара хизматида ишлаб, 2016 йили муассасанинг етакчиси бўлиб тайинланган. Бироқ шу йилнинг ноябрь ойида ўз истаги билан ишдан кетган.
Алимбаевни ариза ёзишига чегара хизматининг ҳарбийлари қуролларни ўғирлаб, ноқонуний сотиб юргани сабаб бўлган — умумий 26 автомат, 14 «Макаров» русумидаги тўппончалар ва 13 мингдан ортиқ ўқ сотилган. Унда Алимбаев бу хизматда ишлашга «ахлоқий томондан ҳуқуқи йўқлигини» айтиб, хизматдан кетиш ҳақида рапорт ёзган.
«Мен ҳарбий қисмдан қуролларнинг ўғирлангани сабаб ваколатларини топшириш ҳақида рапорт ёздим. Бу инцидентда менинг қўл остимдагилар аралашган экан. Мен бу хизматда ишлашни давом эттира олмайман. Маънавий томондан тўғри бўлмайди. Мен офицерман», — деган у.
Бироқ у 2018 йилнинг май ойида Давлат чегара хизмати раҳбарининг биринчи ўринбосари бўлиб тайинланиб, Бош штабни бошқарган.
Баткен вилоятларидаги кадр алмашуви қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли тўқнашувлар сабаб бўлган. Жанжал 35 қирғиз фуқароси ҳалок бўлиб, 200га яқини яраланган.
Шунингдек, вилоятнинг Баткен ва Лайлак туманларида 130 объект ёқилган — уларнинг орасида 104 уй, икки мактаб, бир ФАП, бир бола боғча, милициянинг бир биноси, уч чегара заставаси, 10 ЁҚШ ва 8 дўкон бор. Бундан ташқари, хавфли ҳудудлардан 33 мингдан ортиқ қирғизистонлик эвакуацияланган.
Ўз навбатида тожикистонлик ОАВлар тўқнашувда ТОжикистоннинг 16 фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилди, бироқ расмий маълумот ҳамон эълон қилинмаган.
Давлат раҳбари Садир Жапаров 1-2 май кунлари миллий мотам куни деб эълон қилди.