Боткенга махсус мақом бериш. Парламентга навбатдан ташқари тартибда кўрилувчи қонун лойиҳаси киргизилди

«Баткен вилоятининг мақоми ҳақидаги» қонун лойиҳаси парламентга навбатсиз тартибда зудлик билан киритилди. Бу ҳақда 4 майда ҳукуматнинг матбуот хизмати билдирди.

Лойиҳа президент топшириғи билан ишлаб чиқилди. Унга кўра, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий томондан ривожлантириш учун Баткен вилоятига ўзгача мақом бериш таклиф қилинмоқда.

Қонун лойиҳаси ҳукумат сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун 2021 йилнинг 2 апрелида жойлаштирилган. Кейин унга жамоатчиликдан тушган бир қанча огоҳлантиришлар билан таклифлар қўшилиб, қўшимча ишловдан ўтказилган. Қонун лойиҳасини 3 майда ҳукумат маъқуллаб, зудлик билан парламент муҳокамасига киритилган.

«Махсус мақом» дегани нима

Баткен вилоятига ўзгача мақом бериш ҳақидаги қонун лойиҳаси вилоят етакчисининг ваколатларини кучайтириш, имтиёзли молиялаш механизмлари, вилоятни ривожлантириш бюджетини тузишнинг ўзгача тартиби, ўзгачаланган солиқ режимини киритиш, инвесторлар учун давлат кафолатлари ва давлат сотиб олишларни ўтказишни ўзгача режими каби имтиёзларни ташкил қилади.

Вилоят ҳудудига ўлканинг қонунлари билан аниқланган ўзгача преференциал (енгиллаштирилган) солиқ ва инвестиция режими ўрнатилади.

Бундан ташқари, 2022 йилдан бошлаб умум таълим ва маданий муассасалар республика бюджетидан молияланиши мумкин.

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий томондан ривожлантириш дастурига мониторинг ўтказиш ва баҳолаш, унинг бажарилишини назорат қилиш учун махсус координация кенгаш тузилади. Кенгашнинг фаолият тартибини ҳукумат аниқлайди.

Баткен вилоятига ўзгача мақом бериш процесси Тожикистон билан чегарадош ҳудуддаги отишувлардан кейин тезлаштирилди. Бунгача 2021 йилнинг февраль ойида мазкур ташаббус ҳақида Қирғизистоннинг премьер-министри Улукбек Марипов айтган. Унинг билдиришича, Баткенда аниқланмаган чегара ҳудудлари бор ва «вилоятда вазият кескин» бўлгани сабаб ҳукумат бу масалани кўтарган.

Кейинчалик Баткен вилоятининг чегара ҳудудларидаги қишлоқларнинг яшовчилари билан учрашувда бу режаларни МХДҚ раҳбари Камчибек Ташиев ҳам маъқуллаган. У агар вилоятга ўзгача мақом берилса, бу ерда генерал-губернатор иш бошлашини айтган. Ҳукумат органи раҳбарларини ўзи тайинлаб, ўзи бўшатиб, масалани ўз вақтида ҳал қилиш ваколатига эга бўлади.

Ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакили бўлиб 2021 йилнинг 15 февралида Ўмурбек Суваналиев тайинланган. Олдин Суваналиев хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари бўлиб ишлаган. Мазкур хизматдан у 2020 йилнинг 10 октябрида бўшатилган.

Қонун лойиҳасини Қишлоқ, сув хўжалиги ва ҳудудларни ривожлантириш вазирлиги ишлаб чиққан.

Ташаббусчилар ўзгача мақом бериш вилоятни ижтимоий-иқтисодий томондан ривожлантириб, маҳаллий аҳолининг яшаша шароитини яхшилашга имкон беради деб таъкидлашган. Бу бизнесни ривожлантиришга, иш ўринларини тузишга ва ҳудуднинг, ўлканинг миллий хавфсизлигига хавф солган факторларнинг олдини олишга йўл очади.

Унда ҳукумат ҳудуднинг кўплаган муаммолари билан бирга чегарадаги делимитация ва демаркация ишлари якунланмай қолгани сабаб, чегарадош ҳудудларда жанжал бўлаётганини таъкидлаган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги қуролли можаро

Қирғиз-тожик чегарасидаги низо 28 апрелда бошланган. Шунда икки ўлканинг 100-150 фуқароси бир-бирига тош отишган. Қирғизистонни чегара хизмати жанжал чиқишига Кўктош қишлоғидаги *«Головной» сув тақсимлаш жойида Тожикистоннинг маҳаллий ҳукумати томонидан кузатув камера ўрнатилгани сабаб бўлганини билдирган.

Икки давлатнинг раҳбарлари бир неча марта отишувларни тўхтатиш ва ҳарбий кучларини можаро бўлган ҳудуддан чиқариб кетиш шартномасига эришилганини айтишгани билан шартнома қайта бузилиб турган.

1 май куни кечга яқин Қирғизистон билан Тожикистоннинг миллий хавфсизлик қўмитасининг раҳбарлари учрашиб, икки томон «мақсадли келишувга» эришиб, тўрт пунктдан иборат протоколга қўл қўйганини билдирган. 3 майда икки томон қўшимча кучларни ва воситаларни давлат чегара ҳудудидан доимий жойлаштирилган ерларига чиқариб кетишни якунига етказган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 майда соат 11:00га кўра отишув натижасида Қирғизистоннинг 36 фуқароси ҳалок бўлиб, 189 одам жабрланганини маълум қилган.

Тожикистон ҳукумати чегара ҳудудидаги тўқнашувда жабрланганлар ва бузилган бинолар ҳақида расмий билдирув қилмаган. Озоди радиосининг маълумотига кўра, можародан камида 16 тожикистонлик ҳалок бўлган ва 90 киши жабрланган.