ССВ: Қон миқдори ҳозирча етарли, аммо жабрланганлар учун қон топширса бўлади

239

30 апрелда Бишкекдаги Республика қон марказига 150га яқин одам Баткенда жароҳатланганлар учун қон топширди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигининг матбуот хизмати билдирди.

«Баткен вилояти ва Бишкек шаҳрининг соғлиқни сақлаш муассасаларига ётқизилган жабрланувчиларга ёрдам бериш учун қон ва унинг компонентлари етарли миқдорда бор. Шундай бўлса ҳам жабрланган ҳамюртларимиз учун қон топширишни истаганлар қон марказларига бориб, топширса бўлиши ҳақида эслатиб ўтамиз», — деб ёзилади маълумотда.

Вазирликнинг матбуот хизмати фуқаролар Айтматов проспектидаги Республика қон марказига иш кунлари тонгги саккиздан тушки иккигача, шанба куни 11гача келиб топширса бўлишини таъкидлади.

Қон топширгани келган фуқароларнинг ёнида паспорт, ҳайдовчилик ёки ҳарбий гувоҳнома бўлиши керак. Қон топшириш Республиканинг барча ҳудудларида бир шарт билан олиб борилади.

Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ривожлантириш вазирлиги Баткенга 22 шифокор юборган. Бугун Алимкадир Бейшеналиев тўққиз шифокор билан Баткенга учиб кетган. Баткенга Талас ва Бишкекдан умумий 31 шифокор юборилди. Вазирлик ҳозирда шифокорларнинг захирасини тузмоқда.

Жалолобод вилоятидан Баткенга икки бригададан иборат тўққиз шифокор тунда тез ёрдам машиналари билан жўнаб кетганини вилоятнинг мухтор вакилининг ўринбосари Ирисбек Изабеков «Турмуш» нашрига билдирган.

Муаллиф: Найзабек Мукамбетов