Қирғизистон билан Тожикистон ўқ отишни тўхтатишга келишди

341
Руслан Казакбаев ва Сирожиддин Мухриддин

Қирғизистоннинг ташқи ишлар вазири Руслан Казакбаев тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Мухриддин билан учрашиб, чегарадаги вазиятни изга солиш бўйича сўзлашувлар олиб борди.

Икки давлатнинг вазирлари соат 20:00дан бошлаб қирғиз-тожик чегарасидаги отишувни тўхтатишга ва ҳарбий кучларни олдинги жойига олиб кетишга келишишди. Шунингдек томонлар энг яқин соатларда маҳаллий ҳукумат, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва куч органи етакчилари иштирокида учрашувлар ўтказишга келишишди.

«Вазир Руслан Казакбаев қирғиз томон бошқа ҳудудга кўз тикмаслигини ва ўзининг ерини ҳеч билан бўлишиш нияти йўқлигини таъкидлаб ўтди. Бу бўйича барча чегара ва хўжалик масалалари қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегациялари асосида олий даражадаги вакиллар иштирокида сўзлашувлар столида ҳал қилиниши зарурлигини алоҳида таъкидлади», — деб берилади вазирликнинг билдирувида.

Ҳозирда чегарадаги можаро сабаб Қирғизистондан 30 одам яраланиб, бир киши ҳалок бўлгани маълум. Тожикистонлик ОАВлари 31 киши жароҳат олганини ва уч киши ўлганини ёзишди — яраланганлар орасида Исфара шаҳрининг мери ҳам бор.

Баткеннинг маҳаллий ҳукумати Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги билан биргаликда чегарадош қишлоқлардан 848 маҳаллий турғунни эвакуация қилди.

Соат 14:00да Тожикистонинг ҳарбийлари «Головной» сув тақсимлаш жойини миномет, пулемет ва автоматларда отишганини хабар қилган. Кейинчалик улар Қирғизистоннинг «Капчыгай», «Миң-Булак», «Достук», «Кожогар» ва «Булак-Башы» чегара бекатларига ўқ отишган. Минометдан отиш натижасида «Достук» чегара бекатининг биноси куйиб кетган.

Қирғизистоннинг махсус йўналишдаги «Бўри” отряди Тожикистоннинг ҳаракатларига жавоб қилиб, Хожа-Аъло чегара заставасини босиб олди.

Бишкекда Баткендаги чегара можароси сабаб «Баткен сен ёлғиз эмассан!» номли митинг ўтмоқда. Йиғилганлар ҳукумат вакилларидан жанжал бўлган жойга бориб, муаммони ҳал қилишни талаб қилишди. Митингчиларга спикер Талант Мамитов бошқа депутатлар билан чиқиб, вазият «президентнинг назоратида эканини» билдирди. Митинг ҳамон тўхтамаган.

Давлат раҳбари муаммони дипломатик йўл билан ҳал қилиш топшириғини Ташқи ишлар вазирлигига ва вице-премьер Артем Новиковга бериб, халқни «провокацияга берилмасликка» чақирди.