Бишкек шаҳар суди Курсан Асанов адвокатларининг 2020 йилнинг 9 октябрь воқеаларига боғлиқ жиноий иш бўйича аппеляция аризасини кўриб чиқди. Улар ИИВ раҳбарининг собиқ ўринбосарини қамоққа олиш ҳақидаги Бишкекнинг Биринчи май туман судининг қарорини асоссиз деб топиб, Курсан Асановни уй қамоғига чиқаришни сўрашган.
Бишкек шаҳар суди аппеляция аризасини қаноатлантириб, президентликка собиқ номзоднинг эҳтиёт чорасини ўзгартирди. Унга кўра, Асанов уй қамоғига чиқди.
Асанов 26 январь куни ушланган. У 2020 йилнинг октябрь воқеаларида оммавий тартибсизликларни уюштириш ва ИИВ биносини босиб олишда гумон қилинмоқда.
Депутат Дастан Бекешев парламент йиғинида Асановни ҳимоя қилган. У собиқ амалдорни ҳеч қаерга чиқмаслик тилхати асосида бўшатса бўлишини билдирган.
«Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси давлат раҳбарига бўйсунади. Курсан Асановга ИИВ биносини босиб олди деган айб қўйилмоқда. Бу ақлга сиғмас нарса, қандай қилиб бир одам бориб, милицияни босиб олсин! Бир киши кириб ИИВни босиб олиб, 7 октябрда шахсий таркибни йиғиб, тизиб олса, бу қандай милиция деган савол туғилади? У ҳаммасини чиқариб, сафга туринглар деб мажбурлай олмайдида», — деб билдирган Бекешев.
Курсан Асанов ким?
Курсан Асанов 2011-2019 йиллари ички ишлар вазирининг ўринбосари бўлган. Собиқ ҳукумат раҳбари Мухаммедкалий Абилгазиев уни 2019 йили 13 августда ИИВ вазири Кашкар Жунушалиевнинг таклифи асосида ИИВ раҳбарининг ўринбосари хизматидан бўшатган.
Курсан Асанов собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг уйини штурмга олишдаги ҳаракатлари билан «қирғиз милицияси манфаатларини сотган» деган сабаб билан хизматдан четлатилган.
Асанов ўз манфаатини давлатникидан устун қўймаганини ва ўз вазифасини бажараётганини билдирган. У собиқ президент Алмазбек Атамбаевни резиденциясини қамал қилиш вақтида таслим бўлишга кўндирган. Штурм давомида спесназчилардан бири, «Альфа» раҳбарининг ўринбосари Усўн Ниязбековга ўқ тегиб ҳалок бўлган.
Парламент сайловининг натижасига қарши чиққан митингчилар Оқ уйни босиб олишдан кейин 6 октябрда Курсан Асанов ўзини-ўзи ички ишлар вазири вазифасини бажармоқда деб эълон қилган. Шунингдек у ИИВ ходимлари билан бир неча марта учрашув ўтказишга улгурган.
10 октябрда Асановни МХДҚ ходимлари қўлга олган — у бундан бир кун олдинги «оммавий тартибсизликларни» уюштиришда гумон қилинган. 9 октябрдаги митингда Ала-Тоо майдонида Садир Жапаровнинг тарафдорлари ҳукуматдаги УЖГга қарши митингнинг иштирокчилари ва Ўмурбек Бабанов билан Алмазбек Атамбаевнинг тарафдорлари билан тўқнашган.
Асанов қўлга олингандан кейин президентлик сайловига номзодини қўйиб, эҳтиёт чорасини Бишкек шаҳар судига шикоят қилган. Унда у республика ҳудудларини айланиши учун ҳеч қаерга кетмаслик тилхати асосида бўшатилган.