Чуй вилоятининг Жайил туман ички ишлар бошқармасининг ходимлари 17 ёшдаги қизни олиб қочган уч гумонланувчини қўлга олди. Воқеа 11 апрелда Қоратепа қишлоғида бўлган.
Шу куни мазкур қишлоқнинг турғуни милицияга ариза билан мурожаат қилиб, номаълум кишилар унинг 2003 йили туғилган қизини олиб қочганини билдирди. Шу куни Жайил ТИИБнинг ходимлари жиноятда гумон қилиб уч турғунни қўлга олган. Уларнинг бири 22 ёшда, иккиси 21 ёшда бўлган.
Милиция «Одамни оила қуриш мақсадида ўғирлаш» моддаси билан судгача текширув очиб, гумонланувчиларни вақтинча сақлаш жойига киритди.
Маҳаллий турғунлар «Турмуш» нашрига билдиришича, гумондорлар 17 ёшдаги қизни кичик автобусга чиқаётганда ўғирлашган.
«Қиз борган жойида ўтирмай, милицияга ариза ёзди. Бу болалар 12 апрелда милиция ходимлари билан келишиб, пул бериб, ишни ёпишга ҳаракат қилишмоқда. Милиция ходимлари Айзада билан Буралайнинг воқеасидан сабоқ олишмадими?» — деб билдиришди улар.
«Олиб қочиш»
Бишкек ШИИББнинг тергов хизматининг собиқ етакчиси Нурлан Утемисов 2020 йили олиб қочишнинг 92 факти рўйхатга олиниб, уларнинг 75и қисқартирилганини билдирган. Саккиз ҳолат бўйича тергов тугаб, судга ўтказилган, яна тўққиз иш тергов қилинмоқда.
Утемисов бу маълумотни ўғирлаб, кейинчалик ўлдирилган Айзада Канатбекованинг иши бўйича матбуот йиғинида билдирган.
Канатбекова 5 апрелда бир неча киши томонидан олиб қочилган. Ўша куни Канатбековани ўғирлаган Замирбек Тенизбаев уни машинада футболка билан бўғиб ўлдириб, кейин ўз жонига қасд қилган. Уларнинг жасади икки кундан кейин Аламудун туманидаги қишлоқларнинг биридан топилган.
Мазкур воқеадан кейин жамоатчилик милициянинг ҳаракатларидан норози бўлиб, юзлаган одам Бишкек ШИИББнинг раҳбариятини истеъфога чиқишини талаб қилиб митингга чиқишган. Бу орада Айзадани олиб қочишда иштироки бўлган яна тўрт гумондор қўлга олинган.
Кейинчалик Ички ишлар вазирлиги хизмат текширувини олиб бориб, бунинг натижасида Бишкек ШИИББнинг ва Биринчи май ТИИБнинг раҳбарлиги ишдан бўшатилиб, бир қанча милиционерлар тартиб жазосига тортилди.
Бу Қирғизистонда шов-шув бўлган биринчи воқеа эмас. 2018 йилнинг май ойида Бурулай Турдали қизи ўғирланиб, милиция бўлимида ўлдирилган. Олдин Бурулайни Марсбек Бўдўшов ҳамтавоқлари билан ўғирлаган.
Милиция уларни ушлаб, Жайил ТИИБнинг бўлимига олиб келган. Кейинчалик Бўдўшов Бурулайни милиция бўлимида пичоқлаб ўлдириб, кейин ўзини ўлдиришга ҳаракат қилган.
2018 йилнинг охирида Бўдўшов 20 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, Бурулайни олиб қочишга ёрдам берган Акмат Сейитов 7 йилга кесилган