Ўшнинг турғуни уни «Ата-Журт Кыргызстан»нинг номзоди «қўрқитганини» айтди

32

Ўш шаҳрининг турғуни 5 апрелда «Ата-Журт Кыргызстан» партияси номзоди Болот Баетов «унга ишлаб беришга мажбурлаб, қўрқитаётганини» айтиб, МХДҚнинг раҳбари Камчибек Ташиевга мурожаат қилди. Баетов «Клооп»га унга нисбатан «қоралаш бўлаётганини» билдирди.

Мурожаат қилган турғуннинг айтишича, Баетов билан у «Биримдик» партиясидан номзод бўлган вақтда танишган. Ўша вақтда номзод ҳудудга шағал тўкиб, канализация киритишга ёрдам берган дейди.

11 апрелда бўладиган сайлов олдида Баетов “«Ата-Журт Кыргызстан»га ўтдим, ҳукуматни, Ташиевни жамоасимиз» деб уни мазкур партия учун «ишлаб беришга» чақирганини айтди.

«У «биздан қўрқмай, биз билан ишлайсиз» деди, мен «маъқул» дегандим. 2-3 кундан кейин бу бола келиб, «нимага ишламаяпсиз, унақа-бунақа» деди. Мен «эй, ҳозир вақтим йўқ, ишлаймизда ҳали вақт бор» десам, «Сиз бошқа томонга югурмай, оқсоқол одам тинчгина ишланг» деди. «Мана, мен Ташиев билан учрашиб келдим, сен бўладиган боласан деди» деб юради. Кейин мен ишлай олмай қолдим. Энди келиб қўрқитяпти», — деди турғун.

Турғун Баетов уни «МХДҚга бераман, Ўшда яшатмайман» деб қўрқитиб, уйининг олдига кузатувчи қўйиб, назорат қилаётганини айтди. Шу сабаб у Ташиевдан Баетовга нисбатан чора кўришни сўради.

«Ғазабланиб юрдим, мана Ўзганга келиб «мени номимни сотган одамларни жазолайман» деб айтган сўзларингизни эшитиб туриб, сизга мурожаат қиляпман. Мана шундай набирам билан тенг болалар келиб мени қўрқитаверса, эшигим остига қўриқчи қўйса, бу нима дегани?! Менга шуни ҳал қилиб беринглар», — деди у.

Бундан ташқари, у MegaCom уяли операторидан Баетовни унга қўнғироқ қилганини «тасдиқлаган» ҳужжатларни олганини қўшимча қилди.

Бироқ Баетов «Клооп»га берган интервьюсида мурожаат қилган киши билан «Биримдик»дан номзод бўлганда ишлашганини тасдиқлади. Бироқ шундан бери сўзлашмаганини айтди. У мазкур мурожаатни «уюштирилган қоралаш» деб атаб, ариза билан Ўш ШИИБга мурожаат қилганини билдирди.

«Шунча гапиргандан кейин исботлаб берсин. Мен улар билан қачон сўзлашганим бўйича аниқлаб беринглар, тарқалган аудио бўйича экспертиза ўтказинглар деб ариза ёздим. Буларнинг ортида ким туриши бўйича менда аудио ёзувлар бор. Терговга бераман», — деди у.

Бундан ташқари, Баетов Ташиев билан «умуман учрашмаганман» деб ишонтирди.

Ўш ШИИБдан «Клооп»га видеомурожаат ҳам, Баетовнинг аризаси ҳам рўйхатга олиниб, текширув олиб борилишини билдиришди.

Болот Баетовга тегишли дейилган аудио

Бир ой олдин ўзини Болот Баетов деб таништирган кишининг овозли ёзуви тарқалди. Унда у «Митал» исмли кишига «ишларни бошлайлик» деб телефон қилган. Шунингдек ўзини «Ташиевнинг жамоасида» эканини билдирган.

«Ишни бошлайликми? Биз томондасизда? У ерни ҳеч кимга бермаймиз ака, эе... Биласиз да мен қайси томондан кетаётганимни? Ташиевнинг командасидаман. Ҳукуматнинг», — деган ўзини Баетов деб атаган киши.

«Ата-Журт Кыргызстан» партиясининг номзоди Болот Баетовнинг сурати қўйилган аудио «Ўш ёшлари» номли саҳифага жойланган. Муаллиф “«Ата-Журт Кыргызстан» ўзларини ҳукуматнинг, аниқроғи Ташиевнинг партиясимиз деб очиқ айтишмоқда» деб ёзган. Бундан ташқари, партиядагилар ўзбек миллатидаги фуқароларни «қўрқита бошлагани» айтилган.

Унда номзод Баетов аудио монтаж қилинган деб билдирган. Ўш ШИИБдан мазкур ёзув бўйича ариза тушмаган дейишган.

«Ата-Журт Кыргызстан» кимга тегишли?

Жамоатчиликда «Ата-Журт Кыргызстан» партияси МХДҚнинг етакчиси Камчибек Ташиевга тегишли деган маълумотлар тарқаган. Юстиция вазирлигининг сайтида «Ата-Журт Кыргызстан» партиясининг етакчиси қатори Айбек Маткеримов кўрсатилган.

Маткеримов Камчибек Ташиевнинг ҳамқишлоғи — у 2016 йилдан бошлаб 2020 йилнинг октябригача Барпи қишлоқ ҳукуматида «Ата-Журт» партиясидан депутат бўлган.

Шунингдек, 2017 йили Жалолобод шаҳар кенгашига «Ата-Журт» партиясидан номзод бўлган. Ўтган йилнинг октябрида натижаси бекор қилинган парламент сайловига «Мекенчил» партияси билан отланган. Камчибек Ташиев эса сайловда «Мекенчил» партиясини олиб борган.

Бундан ташқари, Ташиевнинг ўғли Тай-Мурас Ташиев ҳам Жалолобод шаҳар кенгашига «Ата-Журт Кыргызстан» партиясидан номзодини қўйди.

Ташиев 2010 йили Жогорку Кенешга «Ата-Журт» партияси таркибида келган. Унга қадар парламентда 2005-2007 йили депутат бўлган.

Бироқ Ташиев «Ата-Журт Кыргызстан» унга тегишли эканини инкор қилган — Ташиев агар партиялар унинг номидан фойдаланишса, қонун доирасида чора кўрилади деб билдирган эди. Шу билан бирга ўғлини мазкур партия билан сайловга отланганини қўллаган.