Бишкек шаҳар кенгашига номзодлар Қирғизистонда биринчи марта онлайн-дебатга қатнашади. ololo коворкинг тармоғининг асосчиси Данияр Аманалиев тадбирнинг модератори бўлади.
Аманалиев «Азаттык»қа билдиришича, «Бишкек тандайт» онлайн-дебат 1 апрелда соат 20:00 бўлади. Дебатга «Кыргызстандын элдик-демократиялык партиясы» ва «Реформа» партияларининг вакиллари иштирок этади. Тадбирни мана шу икки партия ташкил қилмоқда.
Аманалиевнинг айтишича, дебатни Facebook ва YouTube орқали жонли эфирда кўрса бўлади.
«Дебат 1,5 соатга ҳисобланган, биз уни жуда ҳам қизиқарли форматда ўтказамиз деган ўйдамиз. Сайловчилар учун бундай фикр алмашиши маълумот олишнинг яхши манбаси бўлишига ишонамиз. Бошқа партиялар ҳам муҳокамаларни шундай форматда ўтказишса яхши бўларди», — деб Данияр Аманалиев билдирди.
Бишкек шаҳар кенгашида 45 мандат бор. Улар учун 25 партия, 1820 номзод курашмоқда.
Маҳаллий кенгашларга сайлов
Маҳаллий кенгашга сайловлар 2020 йилнинг 12 апрелида бўлиши керак эди. Бироқ ўша вақтда COVID-19 касаллигини биринчи юқтирганлар аниқланиб, Бишкек, Ўш шаҳарларида ва айрим туманларда фавқулодда ҳолат (ҳамон ўз кучида) ва фавқулодда вазият режими киритилган. ўша вақтдаги президент Сооронбай Жээнбеков маҳаллий сайловларни ўтказиш куни номаълум муддатга жилдириш фармонини чиқарган.
2020 йил октябрь ойидаги воқеалар ва ҳукумат алмашгандан кейин сайланган президент Садир Жапаров маҳаллий кенгашларга сайловларни 11 апрелга белгилади. Жапаров «Кабар» миллий ахборот агентлигига берган интервьюсида депутатлар Конституция бўйича референдумни бюджетни тежаш мақсадида маҳаллий кенгашларга сайловлар билан бир кунда ўтказиш бўйича қарор чиқаришига «умид» қилганини билдирган.
Жогорку Кенеш депутатлари ўлканинг бош қонуни лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси расмий турда битгунча Конституция бўйича референдумнинг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллашган. Жамоатчилик муҳокамаси тугатилиб, икки кун ўтгандан кейин депутатлар қонун лойиҳасини бир кунда расмий турда иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилишган, кейин президент Жапаров унга қўл қўйган.
Маҳаллий кенгашнинг депутатларини сайлаш ва Конституциянинг янги редакциясини қабул қилиш бўйича референдум ўтказишга ғазнадан деярли ярим миллиард сом сарфланиши маълум. Бундан ташқари, парламент сайловини қайта ўтказиш керак — бунга бюджетдан қанча пул сарфланиши ҳозирча номаълум.