Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов пойтахтдаги «Бикард» хусусий касалхонасида даволанмоқда. Бу маълумотни Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасининг матбуот хизмати «Клооп»нинг журналистига тасдиқлади.
«Ҳа, ўша ерда [«Бикард» клиникасида] ётганини тасдиқлаймиз, уни бизни ходимлар қўриқлашмоқда, бироқ улар фуқаролик кийимда», — деб билдиришди МХДҚдан.
Шунингдек, МХДҚнинг матбуот хизмати Матраимов қайси касалликка чалинганини аниқ айтмаган, у касалхонадан қачон чиқиши ҳақидаги маълумотни шифокорлардан аниқлаш кераклигини қўшимча қилди.
Матраимов «Бикард» клиникасида даволанаётгани ҳақидаги маълумот ОАВларида 24 февралда пайдо бўлган, унга кўра собиқ божхоначида гипертония аниқланган. Суд бундан тўрт кун олдин уни жиноий даромадларни қонунийлаштириш иши бўйича икки ойга ТИЗОга киритган.
Кейинчалик 24.kg нашрининг журналистлари Матраимов «Бикард» клиникасида ётган-ётмаганини текшириб кўришган. Клиниканинг директори Дамир Осмонов нашрга берган интервьюсида Матраимов ҳақиқатдан ҳам уларнинг клиникасида даволанаётганини маълум қилган. Бироқ Матраимов ётган палатани кимлар қўриқлаётганини тушунтириб беролган эмас.
Матраимов ким?
Райимбек Матраимов икки йилдан ортиқ — 2015 йилдан 2017 йилгача — қирғиз божхонаси раҳбарининг ўринбосари бўлган. Бироқ у божхона тизимларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт оралиғида у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини йўлга қўйган.
Абдукарнинг оилавий клани Хитойдан Қирғизистонга, бундан ташқари Марказий Осиё давлатларига ноқонуний юк ташиётган вақтда Матраимов бу схемани бузилмай ишлашига ёрдам бериб, бунинг учун оиласининг хайрия жамғармаси ҳисобига «садақа» олиб турган. Журналистлар бу схема орқали Қирғизистондан 700 млн сом чиқариб кетилганини исботлашган.
Матраимов ва унинг қариндошлари коррупция схемаларининг орти билан қанча пул топишгани ҳамон аниқланмаган. Бироқ унинг оиласини кутилмаганда (ва ноқонуний) бойиши очиқ кўринган. Масалан, журналистлар Қирғизистон ҳудудида ҳам, чет ўлкаларда ҳам Матраимовларнинг оиласига тегишли қиммат мулкларни топишган. АҚШда Матраимов билан унинг аёли «Магнитский рўйхати»га киритилган.
11 февралда Бишкекда Райимбек Матраимовнинг иши бўйича суд мажлиси ўтган. Шунча катта масштабдаги иш бўлишига қарамай, Бишкекнинг Биринчи май туман судида ўтган мажлис тез тугаб, бир соатга етмаган вақтда Матраимов божхонадаги коррупция схемалари бўйича айбини тан олиб, суд уни айбдор деб топиб, унга 260 минг сом (3 минг АҚШ доллари) жарима солган.
18 февралда МХДҚ Матраимовни жиноий даромадларни қонунийлаштиришга боғлиқ янги иши асосида қўлга олинган. У икки ойга тергов қамоғига киритилган.
Матраимовлар клани қирғиз сиёсатига катта таъсир қилган — унинг катта акаси Искендер Матраимов парламент депутати. Уларга алоқадор «Мекеним Кыргызстан» партияси 2020 йили 4 октябрда ўтган парламент сайловида ғолиб бўлган.
Бироқ норози бўлган фуқаролар Оқ уйни босиб олишгандан кейин сайлов натижаси бекор қилинган. Митинг чиқишига сайловда маъмурий ресурсдан фойдаланилгани, сайловчиларнинг овозларини сотиб олиш ва ўзгартиришлар сабаб бўлган. Кўпроқ овоз сотиб олишга мана шу «Мекеним Кыргызстан» партиясини айблашган.