«Мекеним Кыргызстан»га асос солган Айбек Осмонов Жогорку Кенешда онт берди

253

Жогорку Кенешнинг 24 мартдаги йиғинида янги депутат Айбек Осмонов қасамёд қилди. Марказий сайлов комиссияси 15 мартда Осмоновга мандат берган.

Осмонов «Бир Бол» фракциясидан депутат бўлди. У 28 февралда вафот этган Алмазбек Акматовнинг ўрнига келди.

Осмонов ака-ука — Айбек ва Нурбек — «Каганат Инвест» холдингига эгалик қилишади. Бу холдинг таркибида «Ихлас» («Кыргыз Каганат») қурилиш компанияси, Ўшдаги электромобиль чиқарувчи «Кыргыз унаа курулуш» ва «Кыргыз Текстиль ЛТД» бор.

Бундан ташқари, Айбек Осмонов ўтган парламент сайловида 24 фоиздан ортиқ овозга эга бўлган «Мекеним Кыргызстан» партиясини тузган. Бироқ бу партия сайлов олдидан Матраимовларнинг оиласига ва тарафдорларига ўтиб кетган. Ҳозирда партиянинг асосчиси қатори ўн киши кўрсатилган, уни Матраимовларнинг тарафдори, депутат Мирлан Бакиров бошқаради.

Кейинчалик Осмонов «Ыйман Нуру» партиясига асос солган, бироқ унинг рўйхатидан чиқиб, парламент сайловига қатнашишдан бош тортган.

Ўша вақтда «Ыйман Нуру» партиясининг тенг ҳуқуқли раҳбари Чингиз Макешов бунга собиқ божхоначи Райимбек Матраимовнинг Осмоновга нисбатан босими сабаб бўлганини айтган.

Парламент сайловининг натижаси бекор қилингандан кейин Райимбек Матраимов божхонадаги коррупцияда айбланиб қўлга олинган. 11 февралда суд уни айбдор деб топиб, 260 минг сом жарима солган. Бунга қадар у давлатга келтирган 2 млрд сомлик зиённи тўлаган — унда 1,4 млрд сом, тўққиз квартира ва савдо марказлари бор.

Кейинчалик журналистлар бу квартираларни аниқлаб, Матраимов уларни давлатга ўтказишдан бир неча кун олдин сотиб олганини аниқлашган.

Матраимов 18 февралда «жиноий даромадларни легаллаштиришда» гумон қилиниб қайта қамоққа олинган. Бироқ бир ҳафтадан кейин соғлиғи ёмонлашиб, «Бикард» хусусий клиникасига ётқизилган.