ТИВ: Ироқдан қирғизистонлик 79 бола қайтарилди

16 мартда Ироқдан Қирғизистонга махсус самолёт билан қирғизистонлик 79 бола олиб келинди. Бу ҳақда ташқи ишлар вазирлиги хабар қилди. Бундай кўламдаги репатриация тадбири Қирғизистонда биринчи марта бўлмоқда.

«2021 йилнинг февраль ойининг охирида Ироққа гуманитар миссия билан дипломатия ходимларини, ҳукуматни ва бошқа компетентли органларнинг вакилларидан иборат ишчи гуруҳ болаларни ватанига қайтариш учун юборилган», — деб таъкидлашди ТИВдан.

ТИВнинг маълумоти бўйича, «Мээрим» гуманитар миссияси ҳаёти ва соғлиғи хавф остида бўлган болаларни қутқариш учун юборилган.

Вазирлик таъкидлашича, болалар Ироқда қолган оналарини, болаларни қарамоғига олмоқчи бўлган қариндошларининг розилиги билан Қирғизистонга олиб келинди.

«Ватанига олиб келинган болаларга ҳукумат томонидан ҳар томонлама ёрдам берилади. Уларни тез орада реабилитациялаш, реинтеграциялаш ва нормал тинч ҳаётга қайтариш бўйича барча чоралар кўрилади». — деб билдирди ТИВ.

Сурат: Қирғиз Республикасининг ТИВ

Қирғизистонликларни Суриядан эвакуация қилиш

Бунга қадар Юстиция вазирининг ўринбосари Марат Канулкулов 10 март куни парламент йиғинида ҳукумат Суриядан қирғиз фуқароларини эвакуация қилиш учун махсус самолёт юбориш бўйича буйруқ чиқаргани ҳақида маълум қилинган.

«Ҳукуматнинг буйруғи чиқди. Махсус делегация боради. Олиб келишади. Ҳукумат уларнинг жаримасини тўлаш вазифасини ўз зиммасига олмоқда, кейин улар Қирғизистонга қайтарилади», — деб билдирган Канулкулов.

Бироқ ҳукуматнинг ва Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизмати бу ҳақда аниқ маълумотлар йўқлигини айтган эди.

Террор гуруҳларнинг чақириғи сабаб Суриядаги уруш бўлаётган ҳудудларга бориб қолган аёллар билан ёш болаларни олиб кетиш илтимоси билан қирғизистонликлар бир неча йилдан бери мурожаат қилишади.

Ҳукумат Ироқдаги қирғизистонлик болаларни 2019 йили олиб кетишни режалаштирган эди. Ўша вақтдаги вице-премьер-министр Жениш Разаков Ироқда қирғизистонлик 78 бола бўлганини, уларнинг оналари турмада эканини билдирган.

Қирғиз ҳукуматининг маълумоти бўйича, Сурияга тахминан 800 қирғизистонлик фуқаро кетган — уларнинг бир қисми ҳалок бўлган деб ҳисобланади, бироқ омон қолган аёллар ва болалар ҳақида ҳам маълум қилинган. Омон қолганлар Сурия ва Ироқдаги қочқинлар лагерларига жойлаштирилган, уларнинг аниқ сони номаълум.