Ўш: Спорт комитетининг етакчиси шаҳар турғунини калтаклашда гумонланмоқда

Бекдоолот Абакиров ва мэр Таалайбек Сарибашов. Сурат: «Кактус» нашри

Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасидан мэрияга қарашли спорт қўмитасининг раҳбари Бекдоолот Абакировнинг устидан ариза тушганини билдиришди. Ариза эгаси 12-мартда Курманжан датка кўчасида жойлашган бозорда Абакиров ва унинг шериклари томонидан калтакланганини айтган.

Шунингдек шаҳар турғуни спорт қўмитасининг раҳбари уни оғизга олиб бўлмас сўзлар билан сўкканини билдирган.

Ўш мэриясининг матбуот котиби Азамат Абсаттаров Бекдоолот Абакиров айбловларни инкор қилаётганини айтди.

«"Ҳеч кимни калтакламадим, гувоҳларим бор" деди», — дейди Абсаттаров.

Ўш ШИИБи аризани Жиноят кодексининг «Бебошлик» моддаси билан рўйхатга олди. Ҳозирда тергов хизмати томонидан текширув ва суриштирув ишлари бормоқда.

Бекдоолот Абакиров Ўш шаҳар спорт қўмитасини ўтган йилнинг декабридан бери бошқаради. У октябрь воқеаларида бўлган норозилик митингларида мэр Таалайбек Сарибашовни ёнида юрган.

Абакиров олдин Ўш шаҳридаги муниципал «Жапалак» автомашина бозорининг директори бўлган. У кураш бўйича спорт устаси.

«Кактус» нашри Абакиров Ўш шаҳар кенгашига бўладиган сайловга «Биримдик» партиясидан қатнашишини ёзган. Бироқ пандемия сабаб маҳаллий сайлов жилдирилган.

Бу вақтгача спорт қўмитасини Килич Саркарбаев бошқарган. У қалбаки паспорт олишда гумон қилиниб, МХДҚ томонидан ушлангандан кейин ишдан бўшатилган.