Дастан Бекешевни Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовни танқид қилма деб илтимос қилишган. Бу ҳақда депутат «Политмер»га берган интервьюсида айтди.
«Менга «Матраимов ҳақида гапирма» деб айтишяпти, мен бундан ҳам кучаяман», — деб билдирди Дастан Бекешев.
Унинг айтишича, Матраимовни танқид қилма деган илтимослар унга кўп марта айтилган.
Бекешев бу ҳақда унга қўнғироқлар бўлганини билдирди. Кимлар қўнғироқ қилганини айтмаган, бироқ далиллар борлигини, агар унинг ҳаёти учун хавф яралса, шу далиллардан фойдаланишини билдирди.
Бекешев ўзининг виждонини тоза сақлашга ҳаракат қилишини ва коррупционер сотиб олган кўпчиликнинг бири бўлгиси келмаслигини билдирди.
«Кўплар Райимни қўлидан ем еганини Алканова айтяпти — бу ҳақиқат. Эртами-кечми кимлар эканини биламиз, шунда ҳайрон қоламиз. Балким, ҳайрон бўлмасмиз ҳам. Бироқ мен ҳақимда кимлардир мақтаниб — «мен буни сотиб оламан» деб айтишини истамас эдим», — дейди Бекешев.
*Элнура Алканова — собиқ журналист, Матраимовнинг тарафдори. 2020 йили парламент сайловида Матраимовларнинг партияси билан курашган.
Бекешев айниқса қизим учун виждонимни тоза сақлайман деб билдирган. Бироқ яқин одамларим шошилинч операция қилиниши керак бўлиб, пул тополмасам, балки пулини олиб, жим туришга рози бўларман деган фикрни айтган.
Депутат божхона раҳбарининг собиқ ўринбосарини коррупционер деб ҳисоблайди.
«Бу одам ўзини коррупционер эканини тан олди, демак қўрқмай коррупционер деб айтсак бўлади», — деди Бекешев.
Бекешев коррупцияга аралашган амалдор оддий халқ келажагини ўғирлади деб ҳисоблайди. Давлатдан чиқариб кетилган маблағ эса [Қирғизистондан коррупция йўли билан чиқариб кетилган пуллар ва контрабанда сабаб тўланмаган солиқлар] давлат ғазнасига тушганда ўқитувчиларнинг, врачларнинг, ўт ўчирувчиларнинг ва бошқаларнинг маошини тўласа бўларди.
Матраимов ким?
Райимбек Матраимов икки йилдан ортиқ — 2015 йилдан 2017 йилгача — қирғиз божхонаси раҳбарининг ўринбосари бўлган. Бироқ у божхона тизимларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт оралиғида у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини йўлга қўйган.
Абдукадирнинг оилавий клани Хитойдан Қирғизистонга, бундан ташқари Марказий Осиё давлатларига ноқонуний юк ташиётган вақтда Матраимов бу схемани бузилмай ишлашига ёрдам бериб, бунинг учун оиласининг хайрия жамғармаси ҳисобига «садақа» олиб турган. Журналистлар бу схема орқали Қирғизистондан 700 млн сом чиқариб кетилганини исботлашган.
Матраимов ва унинг қариндошлари коррупция схемаларининг орти билан қанча пул топишгани ҳамон аниқланмаган. Бироқ унинг оиласини кутилмаганда (ва ноқонуний) бойиши очиқ кўринган. Масалан, журналистлар Қирғизистон ҳудудида ҳам, чет ўлкаларда ҳам Матраимовларнинг оиласига тегишли қиммат мулкларни топишган. АҚШда Матраимов билан унинг аёли «Магнитский рўйхати»га киритилган.
11 февралда Бишкекда Райимбек Матраимовнинг иши бўйича суд мажлиси ўтган. Шунча катта масштабдаги иш бўлишига қарамай, Бишкекнинг Биринчи май туман судида ўтган мажлис тез тугаб, бир соатга етмаган вақтда Матраимов божхонадаги коррупция схемалари бўйича айбини тан олиб, суд уни айбдор деб топиб, унга 260 минг сом (3 минг АҚШ доллари) жарима солган.
18 февралда МХДҚ Матраимовни жиноий даромадларни қонунийлаштиришга боғлиқ янги иши асосида қўлга олинган. У икки ойга тергов қамоғига киритилган.
Матраимовлар клани қирғиз сиёсатига катта таъсир қилган — унинг катта акаси Искендер Матраимов парламент депутати. Уларга алоқадор «Мекеним Кыргызстан» партияси 2020 йили 4 октябрда ўтган парламент сайловида ғолиб бўлган.
Бироқ норози бўлган фуқаролар Оқ уйни босиб олишгандан кейин сайлов натижаси бекор қилинган. Митинг чиқишига сайловда маъмурий ресурсдан фойдаланилгани, сайловчиларнинг овозларини сотиб олиш ва ўзгартиришлар сабаб бўлган. Кўпроқ овоз сотиб олишга мана шу «Мекеним Кыргызстан» партиясини айблашган.