Садир Жапаров: Тўқтоғул сув омборидаги вазият фалокатли вазиятга етай деб қолди

343
Тоқтоғул ГЭСи

Президент Садир Жапаров «Казинформ» нашрига берган интервьюсида Тоқтоғул сув омборидаги сувнинг етишмаслиги ҳақида сўзлади. Жапаровнинг айтишича, сув омборидаги вазият «фалокат даражасига етадиган» бўлиб қолди.

Давлат раҳбари ҳозирда Ўзбекистон ва Қозоғистондан электр энергиясини импорт қилиш масаласи кўриб чиқилаётганини билдирди.

«Қозоғистон Республикаси яқинда 900 млн кВт — 1 млрдга яқин кВт электр энергиясини бизга берадиган бўлди. Ўзбекистон билан музокаралар давом этмоқда. Сабабини айтайин, агар биз ҳозир сизлардан электр энергиясини олмасак, унда биз халқимизни электр энергияси билан ўзимиз таъминлашимизга тўғри келади. Агар биз ҳозир Ўзбекистон билан Қозоғистондан импорт ололмасак, унда вегетацион вақтда биз сизларга сув беролмай қоламиз», — деди Жапаров.

Қирғизистондаги электр энергиясининг танқислиги

Қирғизистонда электр энергиясини умумий етти йирик гидроэлектростанция, икки иссиқлик электр маркази ва 11 кичик ГEСлар ишлаб чиқаради. Уларнинг орасида энг кўп электр энергия Тоқтоғул ГEСида ишлаб чиқарилади. Расмий маълумотга кўра, ҳар йили Тоқтоғулда ўрта ҳисоб билан 5,4 млрд кВт чиқарилади — бу Қирғизистон бўйича умумий ишлаб чиқарилган электр энергиясининг деярлик 27 фоизини ташкил қилади.

Сурат: «Все об электроэнергии»

Тоқтоғул сув омборининг тўлиқ ҳажми 19,5 млрд кубометрни тузади. 2 март кунидаги сувнинг миқдори 9,5 млрд кубометрни ташкил қилмоқда. Солиштириб кўрсак, ўтган йили шу вақтда Тоқтоғулда 12,4 млрд кубометр сув бўлган.

22 февралда Ўтин-энергетика комплекси ва ер хазинасидан фойдаланиш бўйича қўмитанинг йиғинида депутат Умбетали Кидиралиев Тоқтоғул сув омборидаги сувнинг миқдори ҳақидаги масалани кўтарган. Кидиралиев Миллий энергохолдингнинг етакчиси Бакит Сидиковдан 2021 йилнинг 1 апрелига кўра сувнинг миқдори қанча эканини сўраган.

«Қарор бўйича биз апрель ойига 9,7 млрд кубометр билан чиқишимиз керак. Бироқ сувнинг келишига, бундан ташқари истеъмолнинг кўпайиши сабаб бизнинг таҳминимиз 8,5 млрд кубометр сув», — деди Сидиков.

Шунингдек, Сидиков агар сувнинг ҳажми 5,5 млрд кубометрга тушса, Тоқтоғул ГEСнинг фаолияти тўлиқ тўхташини қўшимча қилган.

«5,5 млрд кубометрга етганда станцияни тўлиқ тўхтатишимиз керак, сабаби «кавитация», бошқача айтганда лопастларнинг ишдан чиқиш хавфи юзага келади. Асосий оптимал режим 9,5 млрд кубометр сув бўлиб ҳисобланади. Биз 1 апрелга 9,5 млрддан тушсак бу меъёрдан чиқиб кетган режимга олиб келади», — деб тушунтирган Сидиков.

Президент Садир Жапаров 28 январда инаугурация вақтида, энергетика тармоғидаги вазият катастрофа ҳолатига келганини билдирган. Шунингдек тармоқнинг 137 миллиард сом қарзи борлигини таъкидлаган. Шу сабаб биринчи фармонлари иқтисодни жонлантириш, инқироздан чиқишга йўналтирилишини айтган.