«20дан ортиқ хонадон». Жээнбековнинг қудаси Алиярбек Абжалиев «ноқонуний бойишга» гумонланмоқда

272

Жогорку Кенаш депутати ва собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг қудаси Алиярбек Абжалиев «Ноқонуний бойиш» моддаси бўйича гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг матбуот хизмати 1 мартда билдирди.

*Депутатнинг ўғли Атабек Абжалиев собиқ президентнинг қизи Бактигул Шарипованинг турмуш ўртоғи.

Махсус хизматнинг маълумотига кўра, Абжалиев собиқ президент билан бўлган қариндошлик алоқасидан фойдаланиб, давлат органларининг ишига аралашиш билан шахсий манфаатларни ҳимоя қилган. Бундан ташқари, Абжалиев давлат хизматида ишлаб, ўзининг расмий даромадига мос келмаган мулкларга эга бўлгани аниқланган.

«20дан ортиқ қимматбаҳо квартира, Бишкекдаги вип-шаҳарчалардан уйлар, Иссиқкўл вилоятидаги панционат, Чуй ва Иссиқкўл вилоятларида ер участкалари, шунингдек Туркия ва Араб Амирликларида кўчмас мулклар аниқланди», — деб берилади МХДҚнинг билдирувида.

Шунингдек Абжалиев йирик суммадаги маблағларни Бишкек шаҳрида кўп қаватли бинолар қурган қурилиш компанияларига ва бошқа тижорий объектларга сарфлагани аниқланди — уларнинг орасида Қайинди шаҳридаги кабель чиқарувчи завод, кўмир ва олтин конлари бор.

МХДҚ судгача текширув асосида депутатнинг бошқа яширин мулкларини аниқлашни давом эттирмоқда.

Халқ вакили МХДҚ қўйган айбларни инкор қилди. Абжалиев 2005 йилдан бери давлат хизматида ишламаганини ва Жээнбеков билан қудалигидан фойдаланмаганини «Азаттык»қа билдирди.

*Бироқ Абжалиевнинг биографиясида у 2008-2012 йиллари монополияга қарши курашиш давлат агентлигининг статс-котиби бўлгани кўрсатилган.

«Буларнинг ҳаммаси қуруқ туҳмат. Дубай, Туркияда уйлари бор дебди, уй эмас бир ғиштим йўқ. Бўлса олиб келсин. 2005 йилдан бери давлат хизматида ишламадим. Хусусий компанияларнинг манфаатига ишлаган деган маълумотлар ҳам ёлғон», — деди Абжалиев.

Абжалиевнинг мулкларига боғлиқ суриштирувлар

«Фактчек» ва «Кактус» нашрлари 2020 йилнинг апрель ойида Алиярбек Абжалиевга тегишли компаниялар ва унинг мулки ҳақидаги суриштирувларни эълон қилди. Унга кўра, Абжалиевнинг номига бир машина қўйилгани маълум бўлган.

Бироқ Абжалиевнинг собиқ рафиқаси Гулсара Сулайманова ва ўғли Темирлан Токобековга 30 компания қайд этилгани маълум қилинган. Компанияларнинг кўпчилиги қурилиш, сайёҳлик ва тоғ-кон енгил саноати билан шуғулланади.

Шу йилнинг 11 февралида «ПолитКлиника» нашри «Кайинди кабель заводининг янги хўжайинларга берилиши» номли суриштирувни чиқарган. Унда Абжалиевнинг собиқ рафиқаси Гулсара Сулайманова қариндошлари орқали «Кайинди кабель заводини» ўзига тегишли компанияга ўтказиб олгани айтилган.

Суриштирувчилар заводнинг мулклари янги хўжайинларга берилгандан сўнг 24,79% акцияси бор давлат тийин ҳам олмай қолганини, бу ишлар махсус хизматларнинг операцияси фонида ўтганини таъкидлашган.

«ПолитКлиника»нинг маълумотига кўра, заводнинг ишлаб чиқариш мулклари 2018 йили май-август ойлари оралиғида Сулайманованинг қариндошлари — укаси Кушбак Сулайманов ва куёви Айбек Турдубаев орқали — «Металл-Кен» МЧЖга ўтиб кетган.

Журналистлар улар заводнинг ҳиссадорларининг орасига кириб, назорат акция пакетига эга бўлганини ва акционерларнинг йиғинини тўплаганини аниқлашган. Суриштирувнинг маълумотига таянсак, мана шу йиғинда заводнинг мулкини қарздан қутилиш учун «Металл-Кен»га ўтказиб бериш қарори қабул қилинган.

Бироқ компания энг муҳим мулкка — ишхонанинг асосий биносига эга бўлолмаган. Бино «Таргет Компани» қирғиз компанияси томонидан фойдаланилган. Шу ерда журналистларнинг айтишича, МХДҚ аралашган.

Суриштирувлар 2018 йилнинг май ойида куч тизимлари «НДСни қайтариш бўйича жиноий ишга боғлиқ» «Таргет Компани»нинг эгаларини ва бошқа бинони қамоққа олганини ёзади.

«ПолитКлиника»нинг маълумотига кўра, шу йилнинг май ойида Абжалиевнинг собиқ аёли ва махсус хизматларга алоқаси бор яна бошқа воқеа бўлган. Ўша вақтда Гулсара Сулайманова ва Айбек Турдубаев эгалик қилган «Аскаренерго» компанияси МХДҚга тегишли бўлган жойга офис қурган ва Бишкекнинг ғарбий томонидаги МХДҚ коттежларига электр энергиясини етказа бошлаган. Кейинчалик шу компания Қайинди кабель заводига ҳам электр энергиясини бера бошлайди. МХДҚ бу маълумотни инкор қилган.

Муаллиф: Айгул Абласанова