Олий суд change.org сайтига қўйилган чекловни олди

261

1 мартда Қирғизистоннинг Олий судида петициялар эълон қилинувчи change.org сайтининг офисини кассация даъво аризасига боғлиқ суд мажлиси бўлди. Бунинг натижасида Олий суд Октябрь туман судининг сайтни экстремистик деб атаб, уни тақиқлаш қарорини бекор қилди.

Юрист Нурбек Сидиков иш қайта кўриб чиқилиши учун Олий суд томонидан биринчи инстанцияга юборилганини билдирди. Энди қонун бўйича янги қарор чиққунча сайт тақиқдан чиқарилиши керак.

2020 йилнинг 2 декабрида Медиа Полиси Институтининг ходимлари change.org сайти офисининг номидан Октябрь туман судининг қарорига кассация аризаси билан Олий судга мурожаат қилишган.

Шунингдек, Қирғизистоннинг ҳақиқатчиси Токон Мамитов 2021 йилнинг 23 январида Олий суд раисаси Гулбара Калиевага мурожаат қилиб, мазкур ишни биринчи инстанцияда қарашдаги қонунбузарликларга эътибор беришни сўраган.

change.org сайтига тўсиқ қўйилиши

change.org — дунёдаги онлайн-петициялар учун энг йирик платформаларнинг бири — 2020 йилнинг 15 июлидан бери Қирғизистонда очилмаяпти. Ҳукумат вакиллари ҳам, интернет-провайдерлар ҳам бир қанча вақтгача change.org сайти қайси қонунлар асосида тақиқланганини тушунтира олишмаган.

20 июлда Homeline провайдерининг фойдаланувчилари платформанинг саҳифасига кирганда «суднинг қарори, МХДҚнинг буйруғи ва МТжБМКнинг топшириғи бўйича» тақиқлангани ҳақида ёзув пайдо бўлган. Бироқ МТжБМКнинг матбуот котиби Тимур Алхожоев муассаса change.org сайтини тақиқлаш ҳақида расмий қарор қабул қилмаганини билдирган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси улар юбориши мумкин дейилган чеклов қўйиш ҳақидаги буйруғи бўйича изоҳ беришдан бош тортган.

МТжБМКнинг маълумотига кўра, 2020 йилнинг 28 августида Бош прокуратура change.org сайтини экстремистик деб топиш ва материалларини тарқатишни тақиқлаш, шунингдек Қирғизистон ҳудудида чеклов қўйиш илтимоси билан Бишкекнинг Октябрь туман судига мурожаат қилган.

2020 йилнинг 3 сентябрида суд Бош прокуратуранинг даъвосини қаноатлантириб, change.org сайти расмий турда экстремистик деб топилган.

Қирғизистонда мазкур сайт президент Сооронбай Жээнбековга қарши импичмент процедурасини бошлаш учун имзо йиғила бошлагандан бери очилмай қолган.

Қандай петиция?

Журналист Раушан Айткулова 2020 йили 14 июлда Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилиб, коронавирус пандемиясидаги ҳаракатсизлиги учун президентни, ҳукуматни ва собиқ премьер-министрни жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилган.

Шу билан бирга Айткулова ва бошқа фаоллар change.org сайтида Сооронбай Жээнбеков давлат раҳбари лавозимини бўшатиш учун имзо йиға бошлаган. Улар мана шу йўл билан президентга импичмент эълон қилишнинг қонуний жараёнини бошламоқчи бўлишган.

Эртаси куни кечга яқин бир неча провайдерларнинг фойдаланувчилари петициялар жамланган саҳифаларни очиша олмаётганликларидан шикоят қилишган. Бу вақтда петицияларга юзлаган қирғизистонликлар қўл қўйишга улгурган.

Бироқ change.org сайтини ҳозир ҳам VPN ёки ТОР браузери орқали очса бўлади. Фақатгина Жээнбековга боғлиқ петицияга имзо йиғиш нолга тушиб қолган.

20 июлда мазкур сайт Қирғизистоннинг барча провайдерларининг фойдаланувчиларига кириш имконсиз бўлиб қолган.