«Сен худо берган ризқни бўлишган боласан». Миктибек Арстанбек Матраимов ҳақида

323

«Нур» партиясининг етакчиси Миктибек Арстанбек 26 февралда собиқ божхоначи Райимбек Матраимов ҳақида ўз фикрини билдирди. У лавҳа тасвирга олиб «Ютуб» каналига жойлаган. Унинг айтишича, «бу боладан фойда кўрмаган ҳеч ким қолмади». Арстанбек уларнинг орасида собиқ президент ҳам борлигини айтди. Бироқ номини очиқламаган.

«Барча шу боланинг қарамоғида бўлди. Ҳаммаси яхшилик кўрди, нимага аҳволини сўраб қўймайди? Ижтимоий тармоқда «Райим ака, сабр қилинг. Биз сизни яхшилигингизни биламиз» деб чиқариб қўймайдими йўқ деганда. Ёки халқ «Буни коррупционерга алоқаси бор» деб айтадими дейди? Алоқанг борда, ёлғонми? Бироқ одамгарчилик ҳам қилиш керакда», — деб билдирди у.

Шунингдек сиёсатчи «Райимдай болаларни ишлатиш керак» деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, «Матраимов бутун халқни ўзи боқиб, унинг ичида менман деганларни ҳам боқиб, сиёсий партия тузган».

“«Бир тийинингни ҳам ишлатма [...] пул деса пулини бериб, сайланиб ол. Кейин давлатни бундай қилайлик» деган кучли болани, бундай болани қаматиш кимни манфаати бўлди билмадим. Балким бошқа давлатларнинг манфаатимикан. «Сен ваъда берган эдинг, энди шуни қамайсан» деб қаматиб, яйраб ўтирибмиз», — деди Арстанбек.

Ўз мурожаатида партия лидери Матраимовдан тийин олмаганини ва шундай ўйлаган одамлар «ўзлари бузуқи» деб таъкидлади. Бундан ташқари, собиқ божхоначи пандемияда хайрия қилганини қўшимча қилди.

«Бардам бўл! Агар ҳеч кимни ҳаққини емаган бўлсанг, адолат олдида […] Асосийси оғринма, халқ яхшиликни унутмайди. Халқ унутса ҳам худо унутмайди. Сен худо берган ризқни бўлишган боласан», — деб тугатди сўзини Арстанбек.

Мавзу бўйича: Ҳукмгача бўлган бозор. Матраимов ҳукуматга эски уйларни ўтказиб, ўз мулкини сақлаб қолдими?

Райимбек Матраимов ким?

Райимбек Матраимов икки йилдан ортиқ — 2015 йилдан 2017 йилгача — қирғиз божхонаси раҳбарининг ўринбосари бўлган. Бироқ у божхона тизимларида 10 йилдан ортиқ ишлаган. Бу вақт оралиғида у хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадирнинг яширин клани билан бирга коррупция схемасини йўлга қўйган.

Абдукарнинг оилавий клани Хитойдан Қирғизистонга, бундан ташқари Марказий Осиё давлатларига ноқонуний юк ташиётган вақтда Матраимов бу схемани бузилмай ишлашига ёрдам бериб, бунинг учун оиласининг хайрия жамғармаси ҳисобига «садақа» олиб турган.

Матраимов ва унинг қариндошлари коррупция схемаларининг орти билан қанча пул топишгани ҳамон аниқланмаган. Бироқ унинг оиласини кутилмаганда (ва ноқонуний) бойиши очиқ кўринган. Масалан, журналистлар Қирғизистон ҳудудида ҳам, чет ўлкаларда ҳам Матраимовларнинг оиласига тегишли қиммат мулкларни топишган. АҚШда Матраимов билан унинг аёли «Магнитский рўйхати»га киритилган.

Матраимовлар клани қирғиз сиёсатига катта таъсир қилган — унинг катта акаси Искендер Матраимов парламент депутати. Уларга алоқадор «Мекеним Кыргызстан» партияси 2020 йили 4 октябрда ўтган парламент сайловида ғолиб бўлган.

Бироқ норози бўлган фуқаролар Оқ уйни босиб олишгандан кейин сайлов натижаси бекор қилинган. Митинг чиқишига сайловда маъмурий ресурсдан фойдаланилгани, сайловчиларнинг овозларини сотиб олиш ва ўзгартиришлар сабаб бўлган. Кўпроқ овоз сотиб олишга мана шу «Мекеним Кыргызстан» партиясини айблашган.

Матраимов 11 февралда, «Коррупция» моддаси билан айбдор деб топилган — суд унга 260 минг сом миқдорида жарима солиб, бўшатган эди. Шунингдек, суд унинг кўчмас мулкларини ва банк ҳисобларини қамоқдан чиқарган.

Божхонадаги контрабанда ва коррупция бўйича бир қанча суриштирувларнинг фигуранти бўлган Матраимов бўшатилгандан кейин ҳукмдан норози бўлган фуқаровий жамият 14 февралда Бишкекда тинчлик юришига чиққан. Улар «Матраимовнинг қамалишини, адолат ўрнашини ва ҳукумат халққа қайтарилишини» талаб қилишган.

Юриш ўтгандан кейин Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси агар чет ўлкада собиқ божхоначининг мулклари топилса, тергов давом этади деб ишонтирган.

Матраимов МХДҚ томонидан 18 февралда қайта қамаб, махсус хизматнинг вақтинча сақлаш жойига киритилган эди. У «жиноий даромадларни қонунийлаштириш»да айбланмоқда. Матраимов 20 февралда икки ойга қамалган.

Миктибек Арстанбек ким?

Миктибек Арстанбек — журналист ва ҳалол-енгил саноатни ривожлантириш марказининг раҳбари. У ҳақда маълумотлар кам: у бир вақтлари КТРда, кейин ЭлТРда ишлаб кетган. Қолаверса у ўқитувчи бўлиб ҳам ишлаган, Қирғизистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби деган унвонга эга.

У 29 декабрда ўтган теледебатларнинг биринчи турида одамларда «жавобгарлик пайдо бўлиши учун» ўлкага шариат қонунларини киритиш кераклигини айтган. Арстанбекнинг айтишича, иқтисодий ислоҳотлар ҳам ислом иқтисоди асосида олиб борилиши керак. У дебатдаги якунловчи сўзида «Қирғизистон мусулмон давлатига айланмагунча ривожлана олмайди» деб билдирган.

10 январда ўтган муддатсиз президентлик сайловида Миктибек

Арстанбек овоз беришга келган сайловчиларнинг 1,74%га эга бўлиб, учинчи ўринга чиққан. Бундан ташқари, у сайлов дастурида диний кун тартибини ҳам илгари сурган. Унинг дастуридаги «Бугун иймон вақти» деган пунктида «атеистик зулматидан халос бўлиш» ҳақида айтилади.

Шунингдек Арстанбек Конституциянинг янги лойиҳаси қаралаётганда Бош қонундан «дунёвий» деган тушунчани олиб ташлашни ва унинг ўрнига «Ислом» динини киритишни таклиф қилган.

Маллиф: Айгүл Абласанова