Ҳукм олдидан савдо. Матраимов ҳукуматга эски квартираларини ўтказиб, ўз мулкини сақлаб қолдими?

322

Таъсири кучли собиқ амалдор кўп йиллик коррупция схемалардан кўрган зарарни тўлаш учун Бишкекда квартираларни сотиб олиб, уларни давлатга ўтказиб берган.

Райимбек Матраимовни жавобгарликка тортиш вақти келган кўринади.

Қирғизистоннинг давлат божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райим миллион номли машҳур савдогар октябрда коррупция жиноий ишлари учун ҳукуматга икки миллиард сом (24 миллион доллар) тўлашга рози бўлган.

Айримлар айбини тан олиб, келтирилган зарар учун компенсация тўлашни неча йиллар давомида коррупция гуллаб яшнаган давлат учун олдинга қўйилган муҳим қадам деб ҳисоблашади.

Бироқ OCCRP ва «Клооп»нинг журналистлари ОАВда тинимсиз айтилаётган бу компенсация тўловларининг манзили анча номаълум эканини аниқлашган. Маҳминан сумманинг учдан бирини Матраимов давлатга ўтказиб берган тўққиз квартира билан савдо марказини ташкил қилади. Қолаверса Матраимов уйларни давлатга беришдан бир неча кун олдин сотиб олган. Бундай схеманинг ортида нима борлиги ҳозирча номаълум.

Энг қимматбаҳо актив — Бишкекда бўш турган «Элдорадо» савдо маркази — акасининг совғаси.

Қолган-қутган кўчмас мулк — шубҳали эски уйлар: Матраимов уларни ҳукуматга ўтказишдан бир неча кун олдин улгуржи равишда сотиб олган. Шу ерда савол туғилади: уй сотиб олган пулларни ғазнага тўкса бўлмайдими? Бундан ҳам қизиғи Матраимовга тегишли дейилган банк ҳисоблари суд қарори билан қамоқда бўлса, қайси пулга сотиб олди?

Демак, Матраимов ва унинг яқинлари қимматбаҳо уйларидан айрилган эмас. Матраимов божхонада ишлаган йиллари тўплаган пулларининг аниқ ҳисобини чиқариш мумкин эмас, бироқ жуда кўп деб саналади: бунгача суриштирувларда у Қирғизистондан 700 миллион долларни чиқариб кетишга йўл берган коррупция схемасини уюштиришга ёрдам берганини, бу орқали бойлиги ошгани очиқланган.

Тергов билан шубҳали шартнома хавфли прецедент тузади дейди Transparency International ташкилотининг қирғиз бўлимидаги вакили Адилбек Шаршенбаев.»Агар коррупционер жарима тўлаб ёки бирор бир мулкка боғлиқ мажбурият олиш [масалан, давлатга мулк ўтказиб бериш] билан қутилиб кетаман деб ўйласа, унда у ишини давом эттиравериши мумкин, — дейди у. — Шу сабаб менинг фикримча коррупция бўйича келишиб олса бўладиган нарсаларга умуман йўл қўймаслик керак».

Матраимовнинг бундан кейинги тақдири номаълум. 18 февралда у кутилмаганда қайта қўлга олинди. Бу сафар жиноий даромадларининг изини яшириш айби қўйилиб, икки ойга қамоққа олинди. Матраимовни суд жавобгарлигига тортилишига ишонадиганлар йўқ кўринади: депутатларнинг бири «МХДҚнинг ТИЗОси ғайритабиий отелга айланиб бормоқда» деб ҳазиллашди.

Матраимовларнинг оила-аъзолари ва адвокати бу мақола бўйича фикр билдиришга рози бўлмаган.

Сиёсий сабаблар туфайли

2020 йилнинг октябрь ойида парламент сайловидаги овоз сотиб олиш ва кўплаган қонунбузарликлардан норози бўлган халқ митингга чиққандан бошлаб Қирғизистонда катта ўзгаришлар бошланган. Матраимовлар оиласининг қўллови билан парламент сайловида ғолибдан оз фоиз ортда қолиб, иккинчи ўринга эга бўлган «Мекеним Кыргызстан» партиясига жамоатчиликнинг норозилиги кучайган.

Тартибсизликлардан кейин бир неча тарафдошларининг ёрдами билан қамоқдан чиққан миллатчилик кўз қарашдаги сиёсатчи Садир Жапаров ўлканинг премьер-министри вазифасини бажарувчи бўлган. Норозилик кучайганда Жапаров қони қайнаб турган халққа Матраимовнинг ҳисобини топаман деб ваъда берган.

Садир Жапаровнинг тарафдорлари Бишкекнинг марказий майдонида, 14 октябрь, 2020 йил. Сурат: Эмир Кидирмишев/CC Attribution-Share Alike 4.0

«Райим Миллион қамалади», — деб у кўпиб турган оммага ваъда берган. Садир Жапаров 16 октябрда ўлка президенти вазифасини бажара бошлаб, яна Матраимовнинг ҳисобини топишни ваъда қилади, бироқ бу ерда қамоқ жазоси ҳақида оғиз очмаган. «Матраимов ва бошқа коррупционерлар қонун доирасида тўлиқ жазоланади», — деган у.

Тўрт кундан кейин ҳақиқатдан ҳам Матраимовнинг қўлига кишан солинди, бироқ шу куни кечга яқин тергов билан келишиб, озодликка чиққан.

Жапаров бу қадамга «сиёсий» сабаблар туфайли бордик деб тушунтирган. Матраимов эркинликда қолиш учун айбини тан олиб, келтирилган зарарни тўлашга рози бўлган. Қирғизистоннинг миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитаси (МХДҚ) Матраимов икки миллиард сом (24 миллион доллар) тўлайди деб билдирган.

Сиёсий баённомачи Азим Азимов тергов келишуви турли ўйга олиб келади деган фикрни айтган.

«Матраимов икки миллиард тўлагани жуда таъсирли бўлди, — дейди у. — Биринчи марта бўйсунмоқда».

Иккинчи томондан ҳаммаси олдиндан келишилган, сўзлашиб олинган иш экани очиқ кўриниб турибди. «Райимбек Матраимов ва унинг яқин одамлари ҳукуматнинг барча тармоқларига сингиб кетган. Уларни жазолаш осон иш эмас, ўт билан ўйнашишга тенг», — дейди Азимов. — улар кенгашиб жамоатчилик кутган жазога яқин йўлни топишган.

Матраимов яратган машаққат ўлка ичида муҳокама қилинди. Бироқ Матраимовни компенсациянинг тўлиқ суммасини шунчаки тўкмагани сезилмай қолди.

24 декабрда матбуот анжуманида МХДҚнинг раҳбари Камчибек Ташиев Матраимов бюджетга 1,4 миллиард сом (17 млн доллар) нақд ўтказганини, қолган 600 млн сомни (7 млн доллар) уй ва савдо марказини бериб қутилганини айтган.

Йиғиндан кейинги муҳим саволлар

МХДҚ бошқа ҳеч нарса айтмаган, бироқ Матраимовнинг тўлаган пулига боғлиқ айрим маълумотлар (масалан, уйларнинг манзили) февралдаги суд мажлисида маълум бўлди.

Мана қизиқ нарсаларнинг ҳаммаси шу ердан чиқди.

Биринчидан, икки миллиард сом деган сумма қаердан чиққани ва йиллаб ишлаган коррупция учун нимага шу сумма тўғри келади деб ҳисобланиши номаълум. Прокурорнинг айтишича, Матраимов маълум ўтказиш пунктлари орқали ўлкага кирган ҳар бир юк ташувчи машинадан 860 доллар пора олиб турган. У ишлаган йиллари умумий 16 761 юк ташувчи машина кириб чиққан. Ҳозирги курс билан ҳисобласак 1,2 миллиард сом (14 миллион доллар) бўлади. Нима сабабдан бошқа ўтказиш-пунктлари ҳисобга олинмайди? Поранинг миқдори 860 доллар экани Матраимовнинг ўзини оғзидан чиққан, бу сўзнинг ростлигини аниқловчи қандай далиллар бор? Бу сумма бошқа қайси асосларга таяниб айтилган?

Райимбек Матраимов судда, 2021 йил февраль ойи. СУРАТ: «Клооп»

Иккинчидан, нима учун ўтказиб берилган мулк фақатгина 7 миллион долларга баҳолангани тушунарсиз. Ҳукумат буни тушунтирмаган. Давлат мулкини бошқариш бўйича фонднинг вакили журналистларга берган маълумотида Матраимов ўтказиб берган мулкни хусусий компаниялар баҳолаб берганини, давлат унинг натижасини текширганини айтиб берди.

Журналистлар бу мулкларни ўзларича нархлаб кўриб, бошқа сонларга гувоҳ бўлишган. Агар аввалги олиб-сотиш шартномаларини суммаси маълум бўлса, биз шу суммаларни ҳисобга олдик; агар бу суммалар номаълум бўлса — бири-бирига алоқаси йўқ нархловчилар билан риелторларнинг нархларига таяниб, 10 объектнинг нархи 5,6 — 6,7 млн доллар атрофида эканини аниқладик.

Суд мажлисида прокурор Матраимов кўчмас мулкни ноқонуний эга бўлган пулига сотиб олганини, унинг ичида Бишкекдаги пентхаус билан Иссиқкўл соҳилидаги коттедж ҳам борлиги таъкидланган. Бироқ булар ҳукуматга ўтказилган объектларнинг орасида бўлмаган.

Шунингдек, Матраимов ҳукуматга тўққиз квартира ўтказиб берган. Уларнинг ярми эски совет уйларида жойлашган, савдо маркази эса кўпдан бери бўш турган. Бунинг устига бу тўққиз квартира ҳеч қачон Райимбек билан унинг оиласига тегишли бўлган мулкларнинг орасида бўлмаган. Бунга ҳайрон бўлишнинг ҳожати йўқ: Матраимов уларни январнинг охирида сотиб олган, ҳукуматга ўтказиб беришдан бир ҳафта олдин.

Аниқроғи, МХДҚ декабрь ойида Матраимов қирғиз солиқ тўловчиларига кўчмас мулкини бериб, компенсация тўлади деб жар солганда, тўққиз квартира божхоначига тегишли бўлмаган.

Журналистлар бу қарама-қаршиликларнинг ҳаммаси бўйича МХДҚга саволларнинг рўйхатини беришди. Бироқ махсус хизмат Матраимовга чиққан суд ҳукмига йўналиш бериб қутулди. Шу бўйича муассаса савол беришни тўхтатди.

Бишкекдан квартира сотиб олиш

Бу қандай квартиралар ва улар олдин кимга тегишли бўлган? Буларни аниқлаш учун журналистлар Бишкекни айланиб чиқишди.

Уйларнинг ҳаммасида одам яшамагандай туюлади. Сўзга тортиш мумкин бўлган қўшнилар бир неча ойдан бери ҳеч ким яшамаганини айтишган. Айрим уйларнинг эшигидан журналистлар тўланмаган коммунал тўловлар учун ҳисобларни топишган. Бишкекнинг ғарбий қисмидаги квартираларга борганда уларни турар-жой қўмитасининг аччиқланган вакили кутиб олган — у доим шу уйнинг эшигини қоққан: «Менга ҳам қизиқ [бу уйда ким яшаши]”, — деган у. — Уй эгалари коммунал тўловларни тўкишмайди.

Квартираларнинг ҳолати қандайлигини билиш мумкин бўлмади. Давлат уйларни сотиб ёки ундан фойдаланиш учун қанча маблағ сарфланиши тушунарсиз. Давлат мулкини бошқариш фондидан уйларнинг бундан кейинги тақдири ҳақида сўрасак жавоб беришмаган. Фақатгина уйни сотган бир одам билан боғлана олдик — у Баястан Келишбеков. 25 январда Райимбек Матраимовга икки уйини сотган.

Келишбеков воситачи билан боғланганини, ҳақиқатдан ҳам уйларни Матримов сотиб олганини МХДҚга чақирилганида билганини айтди. У махсус хизматнинг вакиллари билан нима ҳақида сўзлашганини ҳеч кимга айтмасликни сўрашганини қўшимча қилди.

Келишбеков сотув шартномаси қонуний эканини айтди. «Розимиз, — деди у. Биз ўз пулимизни олдик, олдиндан тўланган пулни, ундан кейин шартномада кўрсатилган пулни ҳам олдик». У махфийликка таяниб, Матраимов қанча тўлаганини айтмаган.

Биргина божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари билан уй сотган одамнинг алоқаси ҳақида маълумот топилган. Уйларнинг бирини ҳужжатида Матраимовнинг жияни Нурсеит Сидиковнинг номи бўлган.

Бунга қадар «Элдорадо» савдо маркази (ўтказиб берилган мулкларнинг энг қиммати) Матраимовларнинг қариндошиники экани маълум қилинган — савдо марказлари уларга коррупция схемаси орқали келгани маълум. У қаровсиз қолган бинони акасидан совға сифатида олиб, бир неча кундан кейин давлатга ўтказиб берган.

«Элдорадо»нинг баёни

Райимбекнинг келини Минавар Жумаева «Элдорадо»га эгалик қилган компаниянинг ярмини Абдукадирнинг оиласидан сотиб олган. Абдукадир Матраимов божхонада раҳбарнинг ўринбосари бўлганда бошқарган оғир юк ташувчи яширин империясидаги ҳамкори.

Компаниядаги улушни қанчага сотиб олгани номаълум, бироқ Жумаева кейин 22 минг долларга баҳолаган. Шу бино ва OCCRP ва ҳамкорларининг аввалги суриштирувларидаги кўплаган бошқа далиллар Абдукадирлар билан ҳамкорлик Матраимовларга катта даромад олиб келганини тасдиқлайди.

Хусусий мулк эгаларининг реестридаги маълумотга кўра, Жумаева савдо марказини куёвига, парламент депутати Искендер Матраимовга совға қилган, ўз навбатида бу бинони укаси Райимбек Матраимовга ўтказиб берган. Икки мустақил нархловчиларнинг ҳисобида савдо марказининг ҳозирги нархи беш миллион сомдан олти миллион сомгача туради.

Адилбек Шаршенбаевнинг айтишича, Матраимовдан пулнинг ўрнига кўчмас мулк олиш бўйича номаълум шартнома ҳам шубҳа яратади. «Аслида амалда шундай, агар пули бўлса бундай суд харажатлари — нақд пул билан тўланади. Агар нақд тўлатиб олиш мумкин бўлмаса, давлат кўчмас мулк тарзида ундиради».

«Келтирган зарар ўрнига мулкини берган вақтда фуқароларда бу мулкнинг баҳосини ким қўйиб, ким аниқлайди деган ишонмаслик бўлади — деб қўшимча қилди у. — Агар мулк адолатли нархланмаса бу ҳам ҳукуматга бўлган ишончни сустлаштиради».

Яна қамоқда

Матраимов тергов билан келишиб, айбини тан олиб, икки миллиард сом компенсация тўлаб беришга рози бўлганда ҳукумат уни зудлик билан озод қилиб, ўзига ва аёлига тегишли банкдаги ҳисоблари билан кўчмас мулкларини қамоқдан чиқарган. Шу билан бирга 260 минг сом жарима (3080 доллар) солган.

Бироқ тергов билан ҳамкорлик қилгани ҳақидаги маълумот жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган — Бишкекда кичик гуруҳлар акция уюштирган. Натижада МХДҚ Матраимовнинг чет ўлкадаги мулклари бўйича текширув бўлаётганини билдирган. 18 февралда Матраимов жиноий даромадларини қонунийлаштиришда айбланиб, қайта қамоққа олинган. Кейин суд уни тергов тугагунча қамоқда қолдирган.

Райимбекни ҳимоя қилиб, уни озодликка чиқаришни талаб қилиб юришга чиққанлар уни ўзини қурбон қилди деган фикрда. Шунингдек, у давлатдан бўлган қарзини тўкиб бўлди деб ҳисоблашади.

Собиқ журналист ва Матраимовнинг тарафдори Элнура Алканова давлатга пулни собиқ божхоначи базўр йиғди дейди.

«Бу пулларни қариндошларидан йиғди, бир қисми — оиласининг пули, яна бир қисми — қариндошларининг, тарафдорларининг, танишларининг, яқин муносабатдаги одамларнинг пули — улардан бу пулларни ҳаммасини йиғди»,— деди у. «У қўлидаги ҳамма мулкини, ҳайвонларини сотди, ҳаммасини берди».

Бироқ, журналистларнинг қўлига теккан ер кадастридаги маълумотга қарасак, сўнгги ойларда Матраимовга ва унинг яқинларига, сафдошларига тегишли Қирғизистондаги кўчмас мулкларининг бирортасини ҳам эгаси алмашган эмас. Дубайдаги қимматбаҳо пентхаус ҳам Матраимовнинг аёлига тегишлими йўқми номаълум.

Фаолларнинг айтишича, шу сабаб ошкоралик катта аҳамиятга эга.

«Бунинг ҳаммаси [ўртадаги шартномалар, сўзлашувлар] очиқ ўтиши керак», — деб ҳисоблайди Transparency International ташкилотининг қирғиз бўлимининг вакили Адилбек Шаршенбаев. — Қандай ҳаракатлар бўлаётганини жамоатчилик билиши керак. Бунинг ҳаммаси ОАВ орқали айтилиши керак».

“[Акс ҳолда] бу коррупционерларга «Ўғирлайверинглар, бироқ бироз бўлишинглар кейин бемалол юринглар» деган белги бўлиб қолади».

Президент Садир Жапаров маъмуриятидан изоҳ беринглар деган илтимосимиз қаноатлантирилмади.

Муаллифлари: «Клооп» ва OCCRPнинг журналистлари

Таржимон: Давронбек Насибхонов

Материални тайёрлашга Bellingcat ёрдамлашди