«Кабарлар» ахборот агентлигининг етакчиси уй қамоғига чиқарилди

252

Пул талаб қилишда гумон қилиниб қўлга олинган «Кабарлар» ахборот агентлигининг етакчиси Умут Мукамбетова уй қамоғига чиқарилди. Бу ҳақда «Азаттык» нашрига Биринчи май туман судининг матбуот хизмати билдирди.

Маълумотга кўра, Мукамбетова 23 апрелгача уй қамоғида бўлади. У бундан уч кун олдин Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан ушланган эди. Махсус хизмат билдиришича, Мукамбетова сайтдан видео лавҳани ўчириш учун ҳайдовчидан 84 минг сом олаётганда қўлга олинган.

Мазкур видеода маст ҳолатда автомашина бошқарган одамни Йўл ҳаракати хавфсизлигини назорат қилиш ходимлари ушлаб, маъмурий жаримага тортиш вақтида олингани хабар қилинган.

Воқеанинг иккинчи томони

Кейинчалик «Кабарлар» агентлигининг ходимлари Мукамбетовани сайтнинг обрўсига путур етказиш мақсадида ушлашди деб билдиришди.

Ходимларнинг айтишича, Мукамбетова ушланганга қадар икки ҳафта олдин сайт хакер ҳужумига учраган. Шундан сўнг етакчига бир неча одам қўнғироқ қилиб, айрим сиёсатчилар ҳақида негатив материалларни чиқармасликни талаб қилишган.

Шундан бир неча кун ўтиб, Мукамбетовага «Аскар» исмли одам мурожаат қилиб, унга журналистлар иштирокида матбуот анжумани ўтказишга ёрдам беришни сўраган. У «ўзини маст ҳолда машина бошқаргани ҳақида айтиб беришни» кўзлаётганини билдирган.

«Мукамбетова ёрдам беришга рози бўлган. Сабаби бу мурожаат қилган киши билан шахсий таниш бўлгани учун ёрдам бергиси келган. Кейин Аскар «Жаннат» меҳмонхонасида матбуот анжумани ўтказиш учун харажатларга 20 минг сом беришни ваъда қилган», — деб билдиришди агентликдан.

Шунингдек, «Аскар»ни маст ҳолда автомашина бошқариб қўлга олингани бўйича видеони олгач «oppa_kg» эълон қилган. Шундан сўнг мазкур видео тарқашига «Кабарлар»нинг алоқаси йўқ деб қўшимча қилишган ходимлар.