МХДҚ собиқ божхоначи Райимбек Матраимов қўлга олинганини билдирди

336

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси 18 февралда собиқ божхоначи Раимбек Матраимов қўлга олинганини билдирди. Маълумотга кўра, у махсус хизматдан тушдан бери сўроқ қилинмоқда.

«Матраимов МХДҚ жиноий даромадларини қонунийлаштириш факти бўйича қўзғалган жиноий иш асосида ушланиб, вақтинча сақлаш жойига киритилди. 48 соат ичида суд унга нисбатан эҳтиёт чорасини кўриб чиқади», — деб ёзилади махсус хизматнинг маълумотида.

Бугун МХДҚнинг раҳбари Камчибек Ташиев Германиядан Баткен вилоятига чегара масаласи сабаб учиб келган эди — Германияда Ташиевнинг юраги операция қилинган. Маҳаллий турғунлар билан учрашганда махсус хизматнинг раҳбари Матраимовга чиққан ҳукм бўйича ҳам изоҳ берган. Ташиев «Матраимов бўйича эртадан бошлаб чора кўраман» деган эди.

«Матраимовнинг суди бўйича мен буни узоқ бўлганимда эшитдим. Унинг банк ҳисобларини, мулкларини суд бўшатибди деган маълумот эшитдим. Бугун кечда бориб, шу маълумотларни тўплаб,ҳужжатларни кўриб чиқаман. Матраимов бўйича мен эртадан бошлаб чора кўраман.

11 февраль куни Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман суди Матраимовни божхонадаги коррупция бўйича айбдор деб топиб, унга 260 минг сом жарима солган ва суд залидан бўшатган. Шунингдек суд Матраимовнинг кўчмас мулкларини ва банкдаги ҳисобларини қамоқдан чиқарган.

Божхонадаги контрабанда ва коррупция бўйича бир қанча суриштирувларнинг фигуранти бўлган Матраимов бўшатилгандан кейин ҳукмдан норози бўлган фуқаровий жамият 14 февралда Бишкекда тинчлик юришига чиққан.

Улар «Матраимовнинг қамалишини, адолат ўрнашини ва ҳукумат халққа қайтарилишини» талаб қилишган.

Юришдан сўнг Миллий хавфсизлик қўмитаси агар чет давлатларида собиқ божхоначининг мулклари топилса, тергов давом этади деб ишонтирган эди.

Матраимовнинг иши

Райимбек Матраимов — «Клооп», «Азаттык» ва OCCRPнинг Қирғизистондан чиқарилган 700 млн доллардан ортиқ маблағи ҳақидаги журналистик суриштирувининг асосий фигурантларидан бири.

Қирғизистонда кўп йиллар давомида республика ҳудудидан контрабанда ташиб ўтишга йўл берган коррупция схемаси ишлаб келган. Бу ишларнинг бошида собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан бирга суратга тушган ва собиқ президент Жээнбековнинг қасамёд маросимига қатнашган бизнесмен Хабибулла Абдукадир турган.

Суриштирувда журналистлар бу контрабанда схемаси борлигига далил келтиришган, манбаларнинг бири Аеркен Саймаити бу қандай ишлашини айтиб берган.

Шунингдек божхона раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов божхонадаги коррупцияни яширганини, бу ўз навбатида яширин бизнес фаолиятини таъминлаганини билдирган.

Саймаити журналистларга ҳужжатларни топшириб, шахсан ўзининг ёрдами билан Қирғизистондан 700 млн доллардан ортиқ пул чиқариб кетилганини айтган. Кейин финпол бу маълумотни тасдиқлаб, бу суммани млрддан ошади деб билдирган. Саймаити суриштирув чиққандан кейин 2019 йилнинг ноябрь ойида Истанбулдаги кафеларнинг бирида ўлдирилган.

Қирғизистонда ҳукумат алмашгандан кейин МХДҚ Матраимовни ўтган йилнинг 20 октябрда ушлаган. Махсус хизматнинг маълумотига кўра, Матраимов ва бошқа хизмат ходимлари 2016 йилдан бери давлат божхона тизимида коррупция схемасини тузиб ишлаб келишган.

Бироқ шу куни Матраимов уйига чиқарилгани маълум бўлган. МХДҚ собиқ божхоначи тергов билан шартнома тузиб, 2020 йилнинг охиригача давлат ғазнасига 2 млрд сом тўлаб беришни ваъда қилганини билдирган.

24 декабрда МХДҚнинг раҳбари Камчибек Ташиев Райимбек Матраимов давлатга 2 млрд сом зарарни тўлиқ тўлаб берганини билдирган. Бу сумманинг кўпини аниқроғи, 1,4 млрд сомни Матраимов Молия вазирлигининг махсус ҳисобига ўтказган, қолганини савдо маркази ва 9 уй турида берган.

АҚШ Матраимов ва унинг турмуш ўртоғи Аманда Тургуновани «Магнитский рўйхати»га киритган. АҚШ давлат департаменти ва Молия вазирлиги буни Матраимовнинг коррупция схемаларга аралашгани ва Қирғизистондан камида 700 млн АҚШ долларини олиб чиқиб кетиш схемасига бевосита қатнашгани билан тушунтирган. Кўп ўтмай Тургунова фамилиясини Сулаймановага ўзгартирган.

*Магнисткий рўйхати —жиноятчилар ва коррупционерлар киргизилган санкция рўйхати. У солиқларни ноқонуний қайтариш орқали бюджет маблағларини ўғирлаш ҳақида айтиб бергандан кейин қўлга олиниб ҳамда вафот этган россиялик аудитор Сергей Магнитскийнинг номи билан аталган.