Транспорт вазирлигидаги коррупция: финпол терговни тугатиб, судга 28 иш юборди

258

Молия полициясининг матбуот хизмати Транспорт ва йўллар вазирлигининг давлат дирекциясидаги коррупция иши бўйича тергов амаллари тугаганини билдирди.

Финполнинг маълумотига кўра, мазкур иш бўйича 28 судгача текширув судга ўтказилган.

Муассаса тушунтиришича, судга дирекцияда 2018-2020 йиллар орасида бўлган коррупция схемалари бўйича текширилган ишлар топширилган. Схемага кўра «Сосновка» ва «Кара-Кол» ўтказиш пунктларидаги автомашиналар ҳақидаги маълумотлар ўзгартирилган.

«Коррупция ҳаракати сабаб бюджетга 20 млн сомдан ортиқ зарар келтирилган. Бу маблағ финполнинг кучи билан деярли тўлиқ ўрнига қайтарилди. Судгача бўлган текширув асосида «Коррупция» моддаси билан транспорт вазирлигининг мансабдор шахслари жиноий жавобгарликка тортилди», — деб билдиришди финполдан.

Муассаса ҳозирча қайси ишлар судга ўтганини очиқламаган.

Транспорт вазирлигидаги коррупция

Финпол 2020 йилнинг май ойида Бишкек — Ўш йўлидаги «Сосновка» ва «Кара-Кол» ўтказиш пунктларида коррупция схемалари аниқланганини маълум қилган. Бу иш бўйича Бишкек — Ўш йўлида давлат дирекциясининг уч ходими қўлга олиниб, давлатга келтирилган зарар ўнлаб миллион сомга баҳоланган.

Шундан сўнг июнь ойида мазкур иш бўйича Транспорт ва йўл вазирлигининг тизимли бўлимларининг яна 12 масъул ходими коррупцияда гумон қилиниб ушланган. Унда коррупция схемасидан келтирилган зарарнинг миқдори 20 млн сомдан ортиб кетган бўлиши мумкинлиги айтилган.

Бу ҳаракатлардан кейин финпол коррупция схемасига мазкур вазирликнинг ва бошқа муассасаларнинг юқори лавозимдаги одамларининг алоқаси бор-йўқлигини текшира бошлаган.

Шунингдек 2021 йилнинг январь ойида финпол Транспорт вазирлигининг статс-котиби Эрмек Мамиркалиевни коррупцияда гумон қилиб ушлаган. Муассасанинг маълумотига кўра, тергов вақтида коррупция схемасига алоқаси бор 30га яқин одам қўлга олинган.