Жапаров энергетика вазирини қабул қилиб, аҳолига узлуксиз энергия бериш масаласини муҳокама қилди

264

Президент Садир Жапаров 10 февралда энергетика ва енгил саноат вазири Кубаничбек Турдубаевни қабул қилди.

Президент аҳолини электр қуввати билан узлуксиз таъминлаш «муҳим масалалардан бири эканини» билдирди. У янги энергетика қувватларини ишга тушириш, энергияни қайта тикланувчи манбаларининг потенциалидан фойдаланиш бўйича ишларни тез орада бошлаш зарур деб ҳисоблайди.

*Энергияни қайта тикловчи манбалари — бу қуввати тугамас деб ҳисобланган барча энергия манбалари. Бунга қуёш нури, сув, шамол, ер геотермал манбалар ва бошқалар киради. Қирғизистонда қайта тикланувчи энергия манбалари орасидан яхши усул деб дарёларга яқин жойлашган аҳоли пунктларга, қишлоқ хўжаликларига кичик ГEСларни (5дан 300 кВтгача) қурилиши ҳисобланади. Қуёш нуридан қувват олувчи батареяларни ўрнатишга катта майдон керак бўлади — қуёш энергиясидан фойдаланишга қулай деб Баткен, Ўш ва Иссиқкўл вилоятлари ҳисобланади. Шамол станцияларини қуришга доимий шамол бўлиши керак. Бунга Иссиқкўлда оз-моз имконият бор.

Энергетика вазири энергохизматлар ўлкани ёруғлик билан таъминлаш учун кучайтирилган ҳолда иш олиб боришга тайёрлигини билдирди. Учрашувда ўлкага электр қувватини оширишга ва энергияни қайта тикловчи манбаларни ривожлантиришга ёрдам берадиган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Президент электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш ва энергияни қайта тикловчи манбаларни ривожлантириш мавзусини энергетика инқирози туфайли кўтарди.

Сўнгги йилларда ҳукуматда тез-тез алмашган вице-премьерлар, премьер-министрлар ва президентлар ҳам Тоқтоғул сув омборида сувнинг миқдори озайиб кетаётганини айтишган.

Тоқтоғул сув омбори Норин дарёсида Тоқтоғул дамбаси билан пайдо бўлган. Гидроэлектростанциянинг ўзи Қирғизистонни 40-50%ини электр қуввати билан таъминлайди.

2020 йилнинг августида собиқ президент Сооронбай Жээнбеков ҳам республикада электр энергияси танқис бўлишини айтган.

2020 йилнинг 12 августида Қирғизистон Қозоғистондан 500 млн кВт/соат электр энергиясини сотиб олиши маълум бўлган.

Ҳукумат аҳолига электр энергиясидан фойдаланишига чеклов киритмасликка ваъда берди. Ҳукумат сув омборидаги сувнинг танқислиги бир неча йил давом этишини мавсум билан боғлаган.

3 февралда янги премьер-министр Улукбек Марипов ҳам электр энергиясига бўлган тарифлар қайта кўриб чиқилишини билдирган.

«Бу сиёсий масалага айланиб кетди, кўп йиллардан бери тариф ўзгармай келмоқда. Бу саволни халқ билан осиқ муҳокама қилиб, кейин қарор қабул қилиш керак. Ҳозир бунинг барчаси текширилмоқда. Биз энергетика инқирозидан чиқишимиз керак. Тариф аввалгидай қолса катта муаммога айланади», — деган Марипов.

Ўлкада электр энергиясига бўлган тариф охирги марта 2014 йили ўзгартирилган — ҳозир кўрсаткичлар 1 кВт соат энергия учун 77 тийин тўлашади. Бироқ 700 кВтлик чекловдан ошгандан кейин ҳар бир килловатнинг баҳоси 2,16 тийинни ташкил қилади.

Маиший истеъмолчи бўлмаган абонентлар (ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, бюджет ва бошқа истеъмолчилар) 2,24 сомдан тўлашади.