Суд Атамбаевни 7-апрелга қадар қамоқда қолдирди

330

4 февралда суд собиқ президент Алмазбек Атамбаевни 7 апрелгача қамоқда қолдириш қарорини чиқарди. Бу ҳақда Бишкекнинг Биринчи май туман судининг вакили «Клооп»га билдирди.

Собиқ президент криминал Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатиш иши бўйича айбланмоқда. Бу сафар Атамбаев соғилиги сабаб суд мажлисига келмаган. У ҳозирда №47 ахлоқ тузатиш колониясида.

Шунингдак, суддан Атамбаевнинг адвокати Замир Жоошев Биринчи май туман судига собиқ президентнинг эҳтиёт чорасини ўзгартириш ва унинг жиноий ишини алоҳида текширувга беришни илтимос қилганини билдиришди. Бироқ Жоошевнинг икки илтимоси ҳам қаноатлантирилмаган.

Бундан ташқари, суд собиқ президентни 7 апрелгача қамоқда қолдиришга қарор қилган. «Айбланувчи Атамбаев соғлиги сабаб келолмагани бўйича суд мажлиси 2021 йилнинг 18 феврали соат 14:00га қолди», — деб қўшимча қилинди суддан.

Шу куни Бишкекдаги МХДҚ биноси олдига Атамбаевнинг тарафдорлари йиғилиб, Қўйтош воқеалари бўйича жиноий ишни қайта кўриб чиқишни талаб қилишган. Шунингдек митингга чиққанлар собиқ президентни уй қамоғига чиқаришни ва «Альфа» ҳарбий қисм ходими Самидин ўғли Сагинбекни жавобгарликка тортишни талаб қилган. Самидин ўғли Атамбаевнинг Қўйтошдаги уйини қамал қилиш операциясига бошчилик қилган.

Олий суд 2020 йилнинг ноябрь ойида Биринчи май туман ва Бишкек шаҳар судларининг собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан ҳукмини бекор қилган. Бу инстанциялар уни криминал Азиз Батукаевни озод қилишдаги коррупция иши бўйича айбдор деб топган. Унда суд Атамбаевнинг ишини қайта кўриб чиқишга юборган эди.

Атамбаев ва Батукаевнинг иши

Криминал Азиз Батукаевни ноқонуний бўшатиш бўйича ишни 2019 йилнинг баҳор ойларида қайта кўтаришган. Батукаев 2013 йили лейкоз касаллигига чалинган деган маълумотнома асосида бўшатилган. Кейин тиббий ҳужжат қалбаки экани маълум бўлган.

Бу ишни қайта текшириш Алмазбек Атамбаевни собиқ президент мақомидан, дахлсизлигидан ва бошқа имтиёзларидан маҳрум бўлишга сабаб бўлган асослардан бири. ИИВ Атамбаевни Азиз Батукаевнинг иши бўйича уч марта сўроққа чақирган, бироқ собиқ президент уч чақирувга ҳам келмаган, терговчи билан учрашган ҳам эмас.

Кейин бу Атамбаевнинг Қўйтош қишлоғидаги резиденциясини штурмга олишга сабаб бўлган. Собиқ президентнинг тарафдорларига икки кун давомида қарши туриб, Атамбаевни қўлга олишган. Махсус операция вақтида бир спецназ ҳалок бўлиб, 100га яқин одам жароҳатланган. Батукаевни озод қилишда айбланган ишнинг бошқа фигурантларига жарима солинган.