Матраимовлар фондига Бишкек билан Қорасувнинг раҳбарлари миннатдорчилик билдирди

285

Матраимовларнинг оиласига тегишли бўлган «Исмаил Ата» хайрия жамғармасига Ўш вилоятининг Қорасув тумани ҳокими вазифасини бажарувчи Капар Адиев «Ташаккурнома» топширди. Унда мазкур жамғарма пандемия вақтида Қорасув тумани ҳудудида коронавирус билан курашишда ва касалликни олдини олиш ишларига ҳисса қўшгани учун тақдирлангани ёзилган.

Бундан ташқари, Бишкек шаҳар мери вазифасини бажарувчи Балбак Тулўбаев ҳам «Исмаил ата» жамғармасига «пандемияда фаол фуқаролик позицияси ва шаҳарликларга кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик» билдирди.

Матраимовлар жамғармасининг «шубҳали» ёрдами

«Исмаил Ата» фонди 2020 йили 29 мартда Ўш шаҳрининг профилактика ва санитар-эпидемиология назорат касалхонасига коронавирусни аниқловчи 10 минг экспресс-тест топширган. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳам COVID-19ни аниқловчи 15 минг дона тезкор тест берган. Кейинчалик бу тестларнинг сифати жамоатчиликда шубҳа яратган.

Бироқ касалликларни олдини олиш ва санитар–эпидемиология назорат департаментининг Лаборатория таҳлил марказининг етакчиси Айгул Жумаканова Матраимовлар топширган тестни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўзи таклиф қилмоқда деб таъкидлаган.

Бироқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг етакчиси Назира Артикова ҳам «ПолитКлиника» нашрига ЖССТ мазкур фонд берган 15 минг дона экспресс-тестни таклиф қилмаганини билдирган.

Шунингдек «Исмаил Ата» фонди Ўш вилоятининг Қорасув ва Новқат туманларининг, Жалолободнинг Сузоқ ва Ахси туманларининг, Баткен вилоятига ва Ўш шаҳрининг яшовчиларига, Норин ва Чуй вилоятларининг яшовчиларига ун, ўсимлик ёғи ва ниқобни бепул тарқатган.

Бундан ташқари, фонд коронавирус билан курашиш учун очилган давлат ҳисобига 10 млн сом ажратганини маълум қилган. Бироқ Искендер Матраимов шунча пул фондга қаердан келганини очиқ айтмаган. Бироқ фонд Давлат солиқ хизмати билан Коронавирус пандемиясига қарши курашиш республика штабига ҳисобот беришини таъкидлаган.

Матраимовнинг бойлиги ҳақидаги суриштирув

Матраимовларнинг оиласи — ўлкада таъсирли кланларнинг бири. 2019 йили OCCRP, «Азаттык» радиоси ва «Клооп» «Ипак йўлидаги контрабанда, коррупция ва кланлар» деган журналистик суриштирувни чиқарган.

Суриштирувда божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг хитойлик тадбиркор Хабибула Абдукадир билан алоқаси ҳақида айтилади. Абдукадир Қирғизистон орқали Хитойдан Марказий Осиёга ва Россияга кетувчи яширин юк ташиш империясини тузган.

«Азаттык радиосу» олиб борган «Божхонадаги миллионлар» номли суриштирувида Саймаити Исмаил Матраимов номидаги хайрия жамғармасига катта миқдорда пул ўтказганини айтган. У кўрсатган ҳужжатларда турли етти операция орқали хайрия жамғармасига 2,3 млн доллардан ортиқ пул ўтказгани айтилган.

Бироқ Искендер Матраимов қариндошлари ва фонд Саймаити билан боғлиқ эканини инкор қилиб, фондга 200 минг доллар ўтказганини тасдиқлаган. Бироқ пул юборган одамнинг номини айтишдан бош тортган. Давлат молия разведка хизмати пулни Саймаитининг аёли юборганини билдирган.

Журналистларнинг маълумотича — ноябрда ўлдирилган Аеркин Саймаити — Абдукадирнинг бизнесидан 700 млн долларини яширишга ёрдам берганини тан олиб, Матраимов божхонадаги коррупцияни таъминлаганини билдирган. Ўз навбатида бу Абдукадирнинг яширин бизнесини ишлашига шароит яратган.