Сооронбай Жээнбеков турмуш ўртоғи билан Маккага умрага кетди

319
Сурат Жээнбеков 2019 йили умра сафарига борганда олинган

Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков аёли билан 2 февралда Саудия Арабистонининг Макка шаҳрига умра сафарига кетди. Бу ҳақда Kaktus нашрига собиқ президентнинг матбуот котиби Толгонай Стамалиева билдирди.

Маълумотга кўра, Жээнбеков сафарга Саудия Арабистони раҳбарининг таклифи билан кетган — у Маккага 2020 йилнинг ноябрида бормоқчи эди, бироқ пандемия сабаб сафар жилдирилган.

«Таклиф 2021 йилнинг февраль ойида келди. Умра сафари 10 кундан ортиқ вақт давом этади. Кейин Жээнбеков Бишкекка қайтиб келади», — деди Стамалиева.

Бунга қадар бир қанча ОАВлари Жээнбеков оиласи билан Туркияга чиқиб кетгани ҳақида ёзган. Стамалиева «Жээнбеков Туркия орқали Саудия Арабистонига кетяпти» деди. Жээнбеков 2019 йилнинг қиш фаслида ҳам умра сафарига бориб келган эди.

Жээнбековни жавобгарликка тортиш талаби

Жорий йилнинг 27 январида октябрь воқеаларидан жабрланганлар Жээнбековнинг устидан ариза ёзишган. Улар собиқ президентни «куч тизимларига митингчиларни куч билан қувиб тарқатишга буйруқ бергани» учун жавобгарликка тортишни талаб қилишган.

Шунингдек улар бунинг учун Жээнбековни «собиқ президент» мақомидан маҳрум қилишни таклиф қилиб, митингда вафот этган 19 ёшли Умутбек Алтинбек ўғлини ўлими учун ҳам жавобгарликка тортилиши керак деб ҳисоблашган.

Бугун 2 февралда унинг устидан тушган аризани ИИВ ва МХДҚ қараши маълум бўлди.

Жээнбеков натижаси бекор қилинган сайловдан кейинги тартибсизликлардан сўнг 15 октябрда истеъфога чиққан. У буни «қон тўкилмаслиги учун» ва «халқнинг тинчлиги муҳимлиги» билан тушунтирган — сабаби амалдаги президент Садир Жапаров ва унинг тарафдорлари шуни талаб қилишган эди.

Кейинчалик Жээнбековга «собиқ президент» мақоми берилган.