Радиочастоталар иши бўйича Алоқа агентлигининг собиқ етакчиси қўлга олинди — Бош прокуратура

293

Бош прокуратура 1 февраль куни Ҳарбий прокуратура ходимлари давлат алоқа агентлигининг собиқ етакчиси Чингиз Бекташевни коррупцияда гумон қилиб қўлга олганини билдирди.

Прокуратуранинг маълумотига кўра, Бекташев 2016 йили декабрда давлат органларининг амалдорлари ва тижорат ташкилотларининг вакиллари билан тил бириктириб, алоқа операторига радио частоталардан фойдаланиш учун лицензияни арзон нархда берган.

«Шу билан бирга мана шундай радио частота спектри 298 млн. 803 минг сомга сотилишига қарамай, юқорида берилган лицензиянинг нархи 1000 сомни ташкил қилиб, давлатга йирик миқдорда моддий зарар келтирилган», — деб билдиришди Бош прокуратурадан.

Бош прокуратурадан бу иш бўйича тегишли тергов ҳаракатлари давом этаётгани қўшимча қилишди.

Радио частоталарни сотиш иши

Давлат алоқа агентлигидаги коррупция фактни 2020 йилнинг апрель ойидан бошлаб Ҳарбий прокуратура билан МХДҚнинг муассасалар аро тергов гуруҳи текширмоқда.

Бу иш бўйича Ҳарбий прокуратура билан МХДҚ 12 майда Давлат алоқа агентлигининг собиқ раҳбари Наталя Черногубовани қўлга олган. Черногубова коррупцияга ва радио частоталарни сотишда уяли алоқа оператори ва Технологиялар ва алоқа давлат қўмитасининг масъул ходимлари билан келишиб яширин ишлаганликда гумон қилинмоқда.

Бунинг натижасида Давлат алоқа агентлигининг икки ва МХДҚнинг икки ходими, шунингдек «Ала-ТВ» компаниясининг асосчиси Артур Халдаров қўлга олинган.

15 декабрда ҳукумат аппарати етакчисининг биринчи ўринбосари мудофаа, ҳуқуқий тартиб ва фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбари Азамат Араев ушланган.

2020 йилнинг декабрь ойи бошида Черногубова ва ишнинг бир неча фигурантларининг эҳтиёт чоралари ўзгартирилиб, улар уй қамоғига чиқарилган.

Кўп ўтмай бу ишга ўша вақтдаги ҳукумат раҳбари Мухаммедкалий Абилгазиевнинг алоқаси бор бўлиши мумкин деган маълумотлар тарқалган. Депутат Жанар Акаев премьер-министр Абилгазиевни радио частоталарни «арзон нархда» сотилишига алоқаси бор бўлиши мумкин деб билдирган. У Темир Сариев премьер-министр бўлган вақтда 15 МГс аукционда 1 млрд 500 минг сомга сотилганини, амалдаги давлат раҳбарининг вақтида 200 МГс частота 700 сомга сотилмоқда деб айтган.

Абилгазиев можаро сабаб таътил олиб, кейин истеъфога кетган. Бироқ бу ишга Абилгазиевнинг алоқаси бор йўқлиги ҳақида расмий айтилмаган.