Кўпчилик коалиция ҳукумат раҳбарлигига Улукбек Мариповни маъқуллади

275

Жогорку Кенешдаги кўпчилик коалиция премьер-министрликка Улукбек Мариповни маъқуллади. Уни депутатларнинг ҳаммаси бир овоздан қўллади. Энди унинг номзоди парламентнинг ялпи йиғинида қаралади. Мариповнинг номзодини «Республика — Ата-Журт» фракцияси кўрсатган.

*Кўпчилик коалициянинг таркибига — КСДП, «Республика — Ата-Журт», «Кыргызстан» ва «Бир Бол» фракциялари киради.

Муҳокама давомида олдин депутат Дастан Бекешев Мариповнинг ўзи келиб, халқ вакилларининг саволига жавоб бергани нотўғри эканини, у янги ҳукумат таркибини бирга олиб келиб таништириш кераклигини айтди. Бироқ депутат Зулпукар Тўрўбаев муҳокама регламент асосида кетаётганини, премьер-министрликка номзод тасдиқлангандан кейин ҳукуматнинг янги таркибини таништиришини билдирди.

Ўз навбатида Марипов ҳам Тўрўбаевнинг сўзларини қўллади.

«Агар премьернинг номзодини тасдиқласангиз, мен ҳукумат таркибини ва тизимини олиб келиб таништираман», — деди у.

Марипов депутатларнинг саволларига жавоб бераётиб, янги ҳукумат олдидаги асосий ишларга тўхталди. Улар: COVID19 масаласи, қишдан чиқиш, энергетика масаласи, бюджет масаласи, иқтисодий вазиятни ишга солиш, баҳорги дала ишлари. Бундан ташқари, Марипов бу йил сиёсий воқеаларга тўла бўлишини, олдинда референдум, Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш ҳам борлигини қўшимча қилди.

Улукбек Марипов давлат хизматида ишлаганига бу йил 20 йил бўлишини айтди. Бу йиллар оралиғида у бирорта ҳам партияга аъзо бўлмаганини билдирди.

«20 йил давомида бирорта ҳам партияга аъзо бўлмаганман. Қайси лавозимда бўлмасин ўзимни вазифамни бажаришга ҳаракат қилдим. Сиёсий амбиция йўқ, агар шу лавозим менга буюрган бўлса, мен тўлиқ шу — хўжалик [ишларини бажараман], иқтисодни жонлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал қилишга ҳисса қўшаман деб сизларни ишонтираман», — деди у.

Марипов давлат хизматидаги ишини 2001 йили Молия вазирлигида раҳбар бўлиб бошлаган. Кейинчалик у Баткен вилояти губернаторининг ёрдамчиси, Жогорку Кенеш депутатининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. 2006 йилдан бошлаб президент маъмуриятида ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигида ҳам ишлаган.

2011-2015 йиллари Марипов собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг ёрдамчиси, кейин президент аппарати етакчисининг биринчи ўринбосари бўлиб меҳнат қилган. 2016 йилнинг март ойидан Ҳисоб палатасининг раҳбари этиб тайинланган.

Улукбек Мариповнинг отаси Асамидин Марипов Ўш вилоятининг Новқат ҳудудий касалхонасининг бош шифокори. Туғишгани Бакитбек Марипов 2020 йилнинг 16 ноябрида Новқат тумани ҳокими этиб тайинланган.

Шунингдек собиқ депутат Аскарбек Шадиевнинг вакил боласи экани айтилмоқда. Шадиев «лавозимни суиистеъмол қилиш» ва «Давлат чегарасидан ноқонуний» ўтган деб 2018 йили декабрда мулки мусодара қилиниб, 10 йилга судланган.