Ўшдаги Ниязали номидаги музика олийгоҳининг талабаси пичоқланди

268

Ўш шаҳридаги Ниязали номидаги Ўш давлат мусиқа билим юртининг 3-босқич талабаси пичоқланиб, касалхонага етказилди. Жиноятга гумондор қатори Ўш шаҳрининг 20 ёшли фуқароси қўлга олиниб, у шаҳар милициясининг вақтинча сақлаш жойига киритилди.

Ўш ШИИБнинг матбуот хизмати маълум қилишича, воқеа 29 январга ўтар кечаси Аскар Шакиров кўчасидаги уйларнинг бирида бўлган.

«Жабрланувчи билан қўлга олинган гумондор спиртли ичимлик ичиб ўтириб, жанжаллашиб кетган. Гумондор кутилмаганда тиғли нарса билан жабрланувчининг буйрак қисмига санчиб олган», — деб билдиришди Ўш ШИИБдан.

Мазкур факт жиноятларнинг ягона реестрига «Бебошлик» моддаси билан рўйхатга олиниб, далилий ашё қатори олинган тиғли буюмдан жароҳатланганини аниқлаш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланди. Шунингдек, гумондор олдин «Талончилик» моддаси билан судлангани ва шаҳар суди томонидан 2 йиллик пробация берилгани аниқланди.

Ниязали номидаги Ўш давлат мусиқа билим юртига бундан икки кун олдин Илязбек Ташполот ўғли директор этиб тайинланган. Ташполот ўғли мазкур хизматга бир неча можароли воқеалардан кейин Маданият вазирлиги томонидан тайинланган.

Бу вақтгача Маданият вазири Нуржигит Кадирбеков қўшиқчи Самара Каримовани 15 январдан бошлаб мазкур ўқув юртининг директорлигига тайинланган. Бунга Бишкекнинг Биринчи май туман судининг қўшиқчини мазкур лавозимга қайтариш қарори сабаб бўлгани айтилган.

Бироқ суднинг бу масалани кўриб чиқишида ва Маданият вазирлигининг бу буйруқни чиқаришида бир қанча юридик хатолар бўлган. Бундан ташқари, Самара Каримова директор бўлувчиларга қўйилган квалификация талабларига жавоб бермаган.

Ўқув юрти ходимлари норозилик билдирганидан кейин Каримова 22 январда «ўз истаги» билан кетишга мажбур бўлган.