Ўшда ҳарбий ходим гиёҳванд модда сотишда гумонланиб, қўлга олинди

332

Гиёҳванд моддаларни ноқонуний айланишига қарши курашиш хизматининг Чуй вилояти бўйича бошқармасининг ходимлари Ўш шаҳрида гиёҳванд модда сотиб юрган ҳарбий хизматчини қўлга олди. Бу ҳақда муассасанинг матбуот хизмати билдирди.

30 ёшдаги гумондор 27 январда гиёҳванд моддаларни сотиш вақтида Ўш шаҳрида қўлга олинган. Унинг ёнидан топилган модда суд кимёвий экспертизадан ўтказилиб, у гашиш экани аниқланди.

«Бундан ташқари, қўлга олинган шахсни Ўш ва Чуй вилоятлари ҳудудида ҳамда жазони ижро этиш тизими муассасаларида жазо ўтаётган судланувчиларнинг орасида гиёҳванд моддаларни тарқатишга алоқаси борлиги аниқланди. Судгача текширув ишлари давом этмоқда», — деб берилади маълумотда.

Ўтган йилнинг февраль ойида Ўш милицияси гиёҳванд модда сотаётган ҳарбий ходимни ушлаган эди. Қўлга олиш вақтида ҳарбийнинг ёнидан 285 грамм гашиш ва пул топилган. Бироқ унинг яқинлари қўлга олиш «махсус уюштирилганини» айтиб, уй тинтув қилинган вақтда гиёҳванд модда топилмаганини билдиришган.

Муаллиф: Наргиз Козукул қизи