Маданият вазирлигининг матбуот хизмати «Акирки коч» қирғиз фильми Бангладешда ўтган «Dhaka International Film Festival» 19-кинофестивалида энг яхши кинокартина деб топилганини маълум қилди.
«Акирки коч» фильми — бу «Кыргызфилм» киностудияси билан «Билимкана» жамоат фондининг биргаликда яратган меҳнат маҳсули. Фильм режиссёрлари Бакит Мукул ва Дастан Жапар ўғли.
Фильм сюжети бош қаҳрамон Кубат Алиевнинг атрофида бўлади. У пенсия ёшидаги таниқли ёзувчи. Кубат кунларнинг бирида ёзувчи дўсти Сапар қаттиқ оғриётганини билиб, дўстини даволатиш учун уйини сотишга қарор қилади. Бироқ бу орада Кубатнинг укасини қарзлари учун калтаклаб кетишади. Шундай қилиб Кубат оғир танлов орасида қолади — укасига ёки дўстига ёрдам бериши керак.
«Dhaka International Film Festival» фестивали ҳар йили 1977 йилдан бери ўтказиб келиниб, бу сафар фестиваль онлайн тарзида ўтган.