МХДҚ: Қилич Саркарбаев 1 миллион сом зарарни тўлаб берди

262

МХДҚ 19 январда Ўш мэриясининг спорт қўмитасининг собиқ раҳбари Килич Саркарбаев ўз истаги билан давлатга келтирилган 1 миллион сом зарарни тўлаб берганини билдирди. Ҳозирда судгача бўлган текширув давом этмоқда.

Махсус хизматнинг маълумоти бўйича, тергов давомида спорт қўмитасининг масъул одамлари спорт тадбирларига сарфланувчи маблағни, спортсменларга бир марта берилувчи тўловларни ва спортчиларнинг формаларига аталган тўловларни ўзлаштириб олишгани аниқланган.

Ишни ҳар томонлама ўрганиш мақсадида махсус аудиторлар жалб қилиниб, келтирилган зарарнинг аниқ суммасини аниқлаш ишлари олиб борилган.

Натижада тергов асосида Саркарбаевнинг яқин одамлари томонидан зарарни қайтариш мақсадида 1 миллион сом тўланган. Ҳозир бу ишга иштироки бор одамларнинг ҳаракатига юридик баҳо бериш учун тегишли ишлар давом этмоқда.

17 январда Ўш шаҳар суди Саркарбаевни уй қамоғига чиқарган — у қалбаки паспорт олишда гумон қилиниб 17 декабрда қўлга олинган эди. Махсус хизмат Саркарбаев 2006 йили «Талончилик» моддаси билан айбдор деб топилиб, бир йилга шартли кесилганини маълум қилган.

Натижада Саркарбаев ўзининг судланганлиги ҳақидаги маълумотни яшириш мақсадида қалбаки ҳужжатлар билан умумий фуқаролик паспорт олгани айтилган. У ўзгартирилган паспорт билан Ўш шаҳар спорт қўмитасининг раҳбарлигига келган.

Шунингдек, МХДҚ Саркарбаев уюшган жиноий гуруҳ лидери «Женго» лақаби билан танилган Кадир Досонов билан яқин алоқада бўлганини маълум қилган. Бундан ташқари, кўплаган криминал можароларда қатнашиб, қоидасиз кураш бўйича таниқли спортчи билан бўлган отишувга ҳам аралашган деб билдиришган.

Ўш шаҳар суди унинг эҳтиёт чорасини 18 декабрда қараб, икки ойга қамоққа олиш қарорини чиқарди. Кейинчалик Ўш мерияси уни спорт қўмитасининг раҳбари лавозимидан бўшатган.

Килич Саркарбаев ким?

Сакарбаев Ўш шаҳар мериясининг спорт қўмитасини 2017 йилдан бери бошқариб келади.

Ўш вилоят ички ишлар бошқармасидан Саркарбаев 2019 йилнинг 22 сентябрида спортчи Тўлўгўн Рахманберди ўғлини келишмовчилик сабаб тўппонча билан отганини маълум қилган. Воқеа Қорасув туманининг Фурқат қишлоғида бўлган. Мазкур факт «Танага оғир зарар келтириш» моддаси билан рўйхатга олиниб, судгача текширув ишлари бошланган.

Жабрланувчи оғир аҳволда касалхонага етказилиб, сон қисмига ўқ теккани аниқланган. Кейинчалик Рахманберди ўғли Саркарбаев билан оға-ини эканини айтиб, тўппонча билан ўзини-ўзи отиб олганини билдирган. Саркарбаев ҳам спортчини отмаганини билдирган.

Бироқ спортчи 14 февралда президентга фейсбук орқали видео мурожаат йўллаб, уни Саркарбаев оёғига отганини билдирган. Бундан ташқари, у Саркарбаев Қорасув туманининг Савай қишлоқ ҳукуматини раҳбари Мунарбек Сайпидинов билан бирга уни «ариза ёзма» деб қўрқитганини билдирган.

Саркарбаевнинг ўзи буни инкор қилиб, унга нисбатан бундай кўрсатма бериш ортида «кимларнидир манфаати бор» деган фикрни айтган.

Шу сабаб Саркарбаев жорий йилнинг 17 февралидан вақтинча ишдан четлатилиб, августда яна ишга қайтган. Ўш мерияси Саркарбаев ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларидан Қорасув туманидаги отишувга алоқаси йўқ деган ҳужжатларни олиб келганини маълум қилган.

Шунингдек жамоатчиликда Саркарбаев собиқ божхоначи Райимбек Матраимовнинг яқин одамларидан бири экани айтилади — журналистик суриштирувларда Саркарбаев номига Матраимовга тегишли бўлган икки компания рўйхатга олингани очиқланган.