Сооронкулова: Каримова судда ютса ҳам квалификация талаблари бўйича ишдан бўшатилиши керак

273
Клара Сооронкулова / Самара Каримова

Қўшиқчи Самара Каримова 19 январда Ниязали номидаги Ўш давлат мусиқа билим юртининг директорлик хизматига киришганини билдирди. Бироқ жамоа уни ҳамон қабул қилмаяпти. Бунинг асосий сабаби Каримованинг олий мусиқа маълумоти йўқ деб айтишмоқда.

Каримовани мазкур лавозимга 2018 йилнинг 24 октябрида маданият вазири вазифасини бажарган, статс-котиб Бактибек Секимов тайинлаган. У «Клооп»га ўша вақтда директорларга нисбатан маълум бир талаб бўлмаган деб билдирган.

«Клооп» нашрининг журналистлари қирғиз ҳукуматининг сайтидан 2012 йилнинг 10 январида қабул қилинган «Маданият, санъат, ахборот ва кинематография муассасаларининг ходимлари учун квалификация талабларини қабул қилиш ҳақидаги» №3 қарорини топишди. Бироқ унда мусиқа билим юртларининг директорларига квалификация талаблари қаралмагани маълум бўлди.

Бироқ 2020 йилнинг 29 майида ўша вақтда премьер-министр в.б Кубатбек Боронов «Маданият, санъат, ахборот ва кинематография муассасаларининг ходимлари учун квалификация талабларини қабул қилиш ҳақидаги» №278 қарорни имзолаган.

Қарорнинг 12-бандига кўра, вазирликка қарашли ўрта касб-ҳунар ўқув юртларининг директори «маданият ва санъат» йўналишида олий маълумотга эга бўлиши керак. Бундан ташқари, директор педагогика ёки раҳбарлик хизматида камида беш йил ишлаши керак.

Самара Каримова ўзи эълон қилган маълумотга кўра, у 2017 йили Ўш аграр-иқтисод институтининг Агроэномика факультетини бухгалтерлик ҳисоби, анализ ва аудит мутахассислигини тамомлаган. Ўша йили Ўш давлат юридика институтида юриспруденция йўналиши бўйича сиртдан ўқишга кириб, 2020 йили тугатган.

Шунингдек қўшиқчи 2019 йилдан бугунги кунгача Жалолободнинг маданият техникумида «Режиссура» мутахассислиги бўйича таҳсил олмоқда.

Бироқ у техникумни тугатса ҳам бу олий маълумот ҳисобланмайди.

Каримованинг айтишича, 2011 йилдан бери Ўш миллий драма театрининг актрисаси бўлиб ишлайди — қўшиқчи ўша йили мазкур театрнинг директори Асан Мансуровга турмушга чиққан.

Каримова 2013-2017 йиллари Ўш вилоят Халқ ижодиёти маркази директорининг ўринбосари ва 2016 йилдан бошлаб «Самара» театрлаштирилган гуруҳ етакчиси бўлиб ишлаганини айтган.

Очиқ манбалардан Ўш вилоят Халқ ижодиёти маркази ҳақидаги маълумотни топишни имкони йўқ. Қўшиқчи тўй-маросимларда қўшиқ айтиб, у билан «Самара» раққосалар гуруҳи бирга юрган. Бироқ театрлаштирилган гуруҳнинг фаолияти ҳақида ҳам интернетда деярли маълумот йўқ.

«Каримова хизматдан қайта олиниши керак»

Бишкекнинг Биринчи май туман суди 2019 йилнинг 17 декабрида Каримованинг маданият вазирлигига қарши даъвосини қаноатлантирган. Сабаби суд мажлисида вазирликнинг вакили қўшиқчи ишдан ноқонуний олинганини тан олиб, уни хизматга қайтаришга рози бўлишганини айтган.

Маданият, ахборот ва туризм министри Нуржигит Кадирбеков қўшиқчи Самара Каримовани Ниязали номидаги Ўш давлат мусиқа билим юртининг директорлик хизматига 14 январда қайтарган. Буйруқда қўшиқчи 15 январдан бошлаб ишга киришиши ёзилган. Бироқ бу вақтда суд ҳукми кучга кирмаган эди.

Каримовани тайинланганини эшитган жамоа қаршилик билдириб, иш ташлашгача боришларини билдиришган. Маданият вазирлиги 15 январда Бишкек шаҳар судига туман судининг қароридан шикоят қилишга мажбур бўлган.

Вазирлик судья икки ҳолатга эътибор бермаган демоқда. Биринчиси, вазирлик номидан судга бир қанча процессларни амалга оширишга ваколати йўқ вакил қатнашган. Иккинчиси, Каримова 2020 йилнинг ноябрь ойида, аниқроғи, ишдан бўшатилгандан икки йил ўтиб, хизматга қайтиш бўйича даъво аризасини ёзган.

Меҳнат кодексининг 414-моддасига мувофиқ, ходим ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ билан танишган кундан бошлаб 2 ой ичида судга мурожаат қилишга ҳақли. Бошқача айтганда, даъвогар судга мурожаат қилиш муддатини ўтказиб юборган.

Бироқ Олий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронкулова қўшиқчи Самара Каримова суднинг барча инстанцияларида ютса ҳам, у яна ишдан бўшатилиши керак деб ҳисоблайди. Бунга ҳукуматнинг квалификация талаблари бўйича қонуни асос бўлишини айтди.

«Кадирбеков Каримовани суд билан эмас, ўзининг буйруғи билан тайинлаб қўйса бўлар эди. Бироқ шу [квалификация] талабига қараб тайинлай олмай қолди [...] Шу квалификация талабига қараб, Каримовани бу хизматга қўёлмай, «ундан кўра суд орқали ҳал қилайлик» деган», — деб тахмин қилди Сооронкулова.