Бош прокуратура Жапаровнинг тарафдорларига жиноят ишини қўзғади

325

Бош прокуратура фаол Бакай Кашкарбаевга прокуратура ва суд ходимларини қўрқитиш факти бўйича жиноий иш қўзғади. Бу ҳақда муассасанинг матбуот хизмати «Клооп»га билдирди.

Унга кўра, 15-17 ноябрда Кашкарбаев ўзининг фейсбукдаги саҳифасига судьяларга ва прокуратура ходимларига нисбатан зўравонликка чақирган видеони жойлаган.

«2020 йилнинг 15 ноябрида Бакай Кашкарбаев номаълум кишилар гуруҳи билан Чолпон-Ота шаҳрида туриб, Иссиқкўл вилоят прокуратурасининг бўлим раҳбари, вилоят прокурорига таҳдид қилган видео мурожаат тайёрлаган. Фаол халқни кўтарилишга чақириб, «талон-тарож қилиш», «кўзини чўқиш», «тишини тўкиш» каби зўравонлик ҳаракатларига ундашган» , — деб билдиришди матбуот хизматидан.

* Бакай Кашкарбаев ўзини Садир Жапаровнинг фаол тарафдори деб атаб келади. Октябрда Кашкарбаев кўз ёш тўкиб, Садир Жапаровга мурожаат қилиб, ўзини маслаҳатчи қилиб тайинлашни сўраган видео олган. У сиёсатчини қўллаган митингларга қатнашиб, Жапаровни танқид қилган материалларга изоҳ ёзиб юрган.

16 ноябрда Кашкарбаев Иссиқкўл туман судининг биносига бостириб кириб, судьялар билан сўз талашиб, Жумаев номли судья билан учраштиришни талаб қилган видеони жойлаган.

Фаолнинг «босқинчилиги» шу билан тўхтаган эмас. 17 ноябрда у тарафдорлари билан Қоракўл шаҳар судига бостириб кирган. Унда у суд органи ходимларига таҳдид қилган.

«У ўз мурожаатида Иссиқкўл вилоят судининг судьясини ва вилоят прокуратураси бўлими раҳбарини очиқ қўрқитишга ўтган», – дейди прокуратура.

Мазкур факт жиноятларнинг ягона реестрига «Ҳукумат вакилига нисбатан таҳдид ёки зўравонлик» моддаси бўйича рўйхатга олинган. Ҳозирда судгача бўлган текширув ишлари бормоқда.