Финпол раҳбари Сиймик Жапикеев собиқ вице-премьер-министр Аида Исмаилова муассасага сўроққа чақирилганини билдирди. 24.kgнинг маълумотига кўра, Жапикеев бу ҳақда журналистлар билан учрашганда айтган.
Унинг айтишича, коронавирус пандемияси вақтида ижтимоий блокка ва соғлиқни сақлашга масъул амалдорларнинг ҳаммаси сўроққа чақирилади. У «вирусга қарши чора кўришга маблағ ажратмагани учун» Молия вазирлигининг раисаси Бактигул Жээнбаеванинг жавобгарлиги ҳақида ҳам сўз қилди.
Молия полицияси бошқармасининг раҳбари Кубанибек Рисбаев билдиришича, гуманитар ёрдам етказиб бериш бўйича алоҳида судгача бўлган текширув ишлари бормоқда.
«Терговчи ва тезкор ходимлардан иборат катта гуруҳ тузилди. Ҳозирда аудит ўтказилмоқда. Вице-премьерлар билан ишлаяпмиз, премьердан протокол тартибига топширма бор. Бунинг барчаси Финпол раҳбарининг назоратида», — деди у.
Гуманитар ёрдамни етказиш ишида собиқ соғлиқни сақлаш вазири Космосбек Чолпонбаев асосий гумондор қатори ўтмоқда. У МХДҚнинг ТИЗОсига киритилган.
Бу иш бўйича олдинроқ октябрь воқеаларидан кейин истеъфога кетган собиқ ҳукумат раҳбари Кубатбек Боронов сўроқ берган. У Финполда гувоҳ қатори сўроқ қилиниб, сўроқдан кейин Жапикеевнинг айтганларини тасдиқлаган.
«Пандемия, аниқлаш керак бўлган ҳолатлар бўйича саволлар бўлди. Гуманитар ёрдам қандай тақсимланганини сўрашди. Қолганини айтолмайман, сабаби ҳеч нарса айтмаслик бўйича тилхатни имзоладим», — деган Боронов сўроқдан кейин. Октябрь ойида гувоҳ қатори собиқ ҳукумат раҳбари Мухаммедкалий Абилгазиев ҳам сўроққа чақирилган эди.
Аида Исмаилова вице-премьерлик хизматига 2020 йилнинг 1 апрелида ишдан четлатилган Алтинай Ўмурбекованинг ўрнига келган. У ўша йилнинг 27 октябрида истеъфога чиққан.
Парламент сайлови олдидан Исмаилова ваколатларини вақтинча тўхтатиб, аввалги ҳукуматга тегишли дейилган «Биримдик» партияси билан парламент сайловига қатнашган.
«Инсонпарварлик ёрдами ўғирланган»
Вице-премьер-министр Элвира Сурабалдиева 15 январда муассасалараро комиссия ҳукуматнинг пандемиядаги ишида кўплаган қонунбузарликларни аниқлаганини билдирган. Унинг айтишича, айрим одамлар ўлкага келган гуманитар ёрдамни ўғирлашганини, СOVID-19 бўйича ўлим сонлари анча камайтирилиб кўрсатилган.
Сурабалдиеванинг айтишича, у яқин орада журналистлар билан учрашув ташкил қилиб, комиссия хулосасини айтиб беради.
Исмаилова ўзи Сурабалдиеванинг маълумотидан норози. У бажарилган ишлар ҳақида баҳони «бетараф ва холис» бериш керак деб билдирган.
«COVID-19 касаллигидан ўлганлар ҳақида Миллий статистика қўмитасининг маълумоти Соғлиқни сақлаш вазирлигининг статистикасидан фарқ қилиши мумкин. Сабаби Миллий статкомга ўлганлиги ҳақидаги маълумотнома патологоанатомларнинг хулосасидан кейин ФҲДЁдан келиб тушади. Соғлиқни сақлаш вазирлигига эса барча соғлиқни сақлаш муассасаларидан касаллик тарихи ёзилган эпикризлардан келади», – деб билдирган у.