МХДҚ: Мелис Аспеков Сиймик Жапикеевга қарши кўрсатма бермаган

269

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси фуқаровий фаол Мелис Аспеков Молия полициясининг раиси Сиймик Жапикеевга қарши кўрсатма берган деган маълумотни инкор қилди.

Жапикеев ўзи Аспеков билан «ҳеч қандай муносабати йўқлигини» билдирган.

«У [Аспеков] кимдан нимани талаб қилаётганини тергов кўрсатади. Бундай бўлмаган, у бундай демайди. Жураев ким эканини ҳам умуман билмайман. Блогер эканини биламан, бир марта кафеда кўрдим. Жураевнинг исми нима эканини ҳам билмайман», — деди Жапикеев.

Бу вақтгача айрим ОАВлари шахсий манбаларига таяниб, махсус хизматлар томонидан қўлга тушган Аспеков Сиймик Жапикеевга 50 минг доллар берган деб кўрсатма берганини ёзишган.

Мелис Аспеков блогер Улан Жураев билан биргаликда «Қирғиз темир йўли» давлат ишхонасининг раҳбариятидан 250 минг доллар талаб қилишда гумон қилиниб, МХДҚ томонидан 9 январда қўлга олинган. Терговнинг версияси бўйича, гумондорлар «молия полицияси ишхонани текширади ва раҳбариятга қарши митинг ташкил қилинади» деб қўрқитиб, «Қирғиз темир йўли»нинг раҳбарларидан пул талаб қилишган.

Биринчи май туман суди уларни 9 мартгача МХДҚнинг тергов изоляторига киритди.

Мелис Аспеков 30 октябрда президентликка номзод Садир Жапаровнинг Чуй вилояти бўйича штаб етакчиси бўлганини айтган. Кўп ўтмай, «Коом.пресс» нашри «Мелис Аспеков спортчиларга 10 минг доллар берди» деган мақолани эълон қилган. Марказий сайлов комиссиясининг тезкор гуруҳи бу воқеани текшириш учун милицияга ва Бош прокуратурага мурожаат қилган. Шундан сўнг мазкур мақола ўчирилган.

Мазкур воқеадан кейин Жапаровнинг мухтор вакили Александр Мошчин Аспеков устидан МСК ва ИИВга мурожаат қилиб, у сайлов штабининг ходими эмаслигини таъкидлаган.

Садир Жапаров 10 январдаги сайловда овоз бериб чиқиб, Аспеков спортчиларга ташвиқот вақтида пул бергани айтилгандан кейин текширув олиб борилиб, унинг штабига алоқаси йўқлигини билдирган.

Улан Жураев 4 октябрда ўтган парламент сайловига қатнашиб, «Ата Мекен» партиясининг рўйхатида 18чи бўлган. Жураев президентлик сайловида Жапаровни қўллаб, Мелис Аспеков билан бирга юрган.