Депутат Хитойга контрабанда билан олтин ташилаётганини айтди. Божхонадагилар инкор қилди

310

«Эркечтам» чегара бекати орқали контрабанда юки – 17 фура олтин концентратини олиб ўтишга ҳаракат қилишмоқда. Бу маълумотни парламентнинг 13 январдаги йиғинида депутат Аккулу Бердиев айтган. Бердиев ҳуқуқ тартибот органларидан тез орада чора кўришни талаб қилган. Божхона хизмати товар ўз ўрнида турганини билдирган.

Бердиевнинг маълумотида бу юк олдин финпол томонидан ушланиб, иш қўзғалган, бироқ суд қарори чиқмаган.

«Бир нечта машина ўтиб кетди деб айтишмоқда. Ҳужжатлари эса қалбаки, лицензиясини бўёқ билан тўғрилашган. [...]. Тез орада уларни тўхтатиш керак», – деб талаб қилган депутат.

Бердиев сўз бўлган олтин Чонг-Олай туманидаги «Альтинкен» конидан қазиб олинганини айтган. Унинг айтишича, ҳар бир фурага 4 тоннадан хомашё ортилган.

«Бу система ҳамон давом этмоқда. Ҳукуматга ҳам, халққа ҳам ҳеч қандай фойдаси йўқ. Фақат зарари тегмоқда, сабаби контрабанда йўли билан чиқариб кетишмоқда», – деган у.

Депутат бу ҳақда Божхона хизматининг раиси Кадиржан Семетеевга маълум қилганини қўшимча қилган.

Божхона хизмати нима деди?

Божхона хизматининг матбуот котиби Жаманак Мусурканов юк «Эркечтам»да турганини «Клооп»нинг журналистига билдирган.

«Хитойга кирмаган. Юк ташувчи машинага ортилмаган, контейнерлар божхона назоратида. Ҳозир судгача бўлган текширув ишлари бормоқда, тугатилса қарор қабул қилинади [юк ҳал бўлади]”, – деган матбуот котиб.

Мусурканов депутат Бердиевнинг бир-икки машина Хитой томонга ўтиб кетди деган сўзларини ҳам инкор қилди.

«Клооп», «Азаттык» OCCRP ва Bellingcat 2019 йилнинг ноябрь ойида божхона хизматидаги йирик коррупция схемаси ҳақида биринчи суриштирувини чиқаришган. Унда Қирғизистондан ноқонуний йўл билан 700 млн доллар чиқариб кетилгани ҳақида сўз бўлган.

Суриштирувнинг асосий фигуранти божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов бўлган. У МХДҚ томонидан 2020 йилнинг 20 октябрида қўлга олиниб, бироқ давлат бюджетига 2 млрд сом тўлаб, жазодан қутилиб кетган.