Ўш: МХДҚ қизиқчиларга «Уч пахан» интермедиясини намойиш қилишни тақиқлади

440

Қизиқчилар Рахман Разиков ва Абдилда Иманкулов Ўш шаҳрида «Онголмок элек биз качан ортодо турса уч пахан» сатира концертидан кейин шаҳардаги МХДҚнинг бошқармасига чақирилди. Бу ҳақда «Клооп»га Разиков ўзи билдирди.

Мазкур концерт Ўш шаҳридаги Бобур театрида 1-5-январларда ўтган. Разиковнинг айтишича, концертнинг дастлабки кунида «Уч пахан» интермедияси намойиш қилинган. Эртаси куни улар МХДҚга Бобур театрининг директори билан биргаликда чақирилган.

«Уч пахан» интермедиясида қамоқда ўтирган уч киши президентлик лавозимига ким муносиб экани бўйича тортишади. Уларни Рахман Разиков, Абдилда Иманкулов ва Нарин Молдобаев ижро этишган.

Саҳна кўринишида «теледебатга бормайман, мен хотинларнинг ғийбатини ёмон кўраман», «лампочкам» деган сўзлар айтилган.

*Бу ерда президентликка номзод Садир Жапаров ҳақида сўз бўлган бўлиши мумкин. Сабаби Жалолобод вилоятининг турғунлари билан бўлган учрашувда аёлларнинг бири Жапаровни «Садир, қурбонинг бўлай, лампочкам!» деб эркалатган. Шунингдек Жапаров КТРКдаги номзодлар орасидаги дебатга «ғийбатларни суриштиришни ёмон кўргани» учун бормаганини айтган.

«“Ўша “уч пахан” деган интермедияни қўймай, қолганини намойиш қилаверинглар” деб [МХДҚ] рухсат берган. Кейин ўша интермедияни олиб ташлаб, концертни бердик [...] Мен айтдим “концертга МХДҚнинг қандай алоқаси бор” десам, “қонун бузиш элементлари бўлмоқда “уч пахан” интермедиясида” деди. “Қаерда бўляпти?” десам, “қонунга қарши” дейди», — деди Разиков.

Разиков улар кейинги концертларда «Уч пахан» интермедиясини бошқа саҳнага алмаштиришга мажбур бўлишганини айтмоқда. Ижтимоий тармоқларда эса интермедиянинг парчалари тарқалган. Бироқ унда саҳнадаги афиша монтаж қилинган. Қизиқчиларнинг ўрнига президентликка номзод Садир Жапаров, МХДҚ раиси Камчибек Ташиев ва спикер, президентнинг в.б. Талант Мамитовнинг суратлари қўйилган.

Қизиқчининг айтишича, улар бу концерт билан Жалолобод вилоятига борганда маҳаллий ҳукумат уни намойиш қилишни тақиқлаган.

«Жалолободга бугун келсак, бу ерда икки кунлик концерт бор эди, COVID-19га қарши вилоят штабининг мажлисида “фавқулотда вазиятга боғлиқ халқни йиғиб бўлмайди” деб қарор чиқариб, театрга бериб, чипталарни сотишни тўхтатди», — деб билдирди Разиков.

Разиков Жалолобод вилояти бўйича ресторанлардаги тўйлар ва савдо марказларининг фаолияти тақиқланмаганини, шунингдек кулги-томоша концертини ўтказишга рухсат берилмаганидан норози бўлди.

Материал чиқишидан олдин МХДҚнинг матбуот хизмати билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Бу вақтгача қизиқчилар «ОшТВ» телекомпанияси уларнинг концертини реклама ролигини эфирга бермаганини айтиб, буни «сиёсий қарор» деб баҳолашган. «ОшТВ»нинг директори Керимбек Калигулов бу даъволарни инкор қилган.

Рахман Разиков олдин номзод Адахан Мадумаровнинг ташвиқот ишларига қатнашиб юрган ва «Бутун Қирғизистон» партиясини парламент сайловида қўллаган.

Мадумаров Жапаровнинг президентлик сайловида асосий рақиби. МХДҚни бошқарган Ташиев Жапаровнинг дўсти ва партиядоши.

Шу билан бирга ўлкада коронавирус пандемиясига қарамай ташвиқот ишлари тақиқланган эмас — номзодлар минглаган сайловчилар билан учрашувлар ўтказишмоқда.