Марказий сайлов комиссиясининг тезкор гуруҳи Тўқмоқ шаҳрида президентликка номзод Садир Жапаровнинг ташвиқот ишларида фуқароларни ташиб келиш бўйича маълумотни текшира бошлади. Мазкур иш бўйича маълумот ИИВ ва Бош прокуратурага ҳам юборди.
Жапаров Тўқмоқдаги сайловчилар билан 30 декабрда учрашган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Чолпон Сидикова 31 декабрда Жапаров Тўқмоқнинг яшовчилари билан учрашув вақтида маъмурий ресурсдан фойдаланилгани ҳақида ёзган.
«Икки туман ва шаҳар мактабларининг ходимларини олиб келишди — директорлардан ўқитувчиларгача, албатта, шаҳар билим бериш бошқармаси яхши ишлаб берди. Уларни парад каби шарчалар билан таъминлаб, қувонч ва бахтлилик образини яратишган. Ҳар бир қишлоқ ҳукуматидан беш кичик автобус халқни ташиган, айрим қишлоқлардан одамларни минивенлар билан олиб келишди. Энергетиклар, ўқитувчилар, милиция — ҳавода кресло ва портфелларини сақлаб қолишга интилган амалдорларнинг қўшмачилиги қалқиб турди», — деб ёзган Сидикова.
Сидикова эълон қилган суратларда Жапаровнинг тарафдорлари Тўрўхан Жунусбеков ва Мелис Аспековни ҳам кўриш мумкин. МСК 24 декабрда Аспеков спортчиларга 10 минг доллар берган дейилган видеосини текшира бошлаб, ИИВга мурожаат қилган.
Шундан кейин Жапаровнинг мухтор вакили Александр Мошчин МСКга мурожаат қилиб, Жунусбеков ва Аспеков номзодларнинг штабига алоқаси йўқлигини маълум қилган.
Бироқ Жунусбеков ва Аспеков Жапаровни қўллашни ва ташвиқот ишларига қатнашишни давом эттирмоқда.
Шунингдек Сидикова учрашувда «Чемпион» лақаби билан танилган депутат Урмат Самаев бўлганини ҳам ёзган. Бу вақтгача вице-спикер Аида Касималиева Жапаровнинг премьерликка номзодлиги қаралаётганда Самаев депутатларни йиғинга «қўрқитиб олиб келаётганини» билдирган. Бироқ кейинчалик Самаев бу маълумотни инкор қилган.
Пост эълон қилинган куни Сидикованинг уйига Тўқмоқ ШИИБининг беш ходими келган. Уларнинг бири — Алмазбек Мурзабеков исмли милиция лейтенанти фейсбукдаги пост бўйича келишганини билдирган. Сидикова милиция унинг уйига янги йил куни кечга яқин келганидан норози бўлган.
«Мен ўқитувчиларни, мактаб директорларини, энерготармоқ раҳбарини кўрдим. Ҳеч нарсага қўл қўймайман. Нимани кўрсам, шу ҳақда ўз саҳифамда фикрларимни бўлишдим. Бунга мени ҳаққим бор, сабаби биз демократик мамлакатда яшаймиз, тўғрими? Сизлар мендан эмас, ўша ерда бўлганлардан тушунтириш хати олишингиз керак», — деган Сидикова милиционерларга.
Тўқмоқ ШИИБининг бошқа ходимлари улар Сидиковага нисбатан эмас, маъмурий ресурсдан фойдаланиш факти бўйича текширув олиб бораётганини билдирган.
«Опа, бу бизни ишимиз. Бу сизга нисбатан иш эмас, биз бу факт бўйича текширишимиз керак», — деб тушунтирган у.
Бироқ Сидикова ҳуқуқ тартибот органининг ходимлари байрам куни унинг тинчини бузишганини айтган. Кўп ўтмай милиция ходимлари Сидиковадан кечирим сўраб уйидан кетишган.