Савай: Маҳаллий депутатлар Сайпидинов мажлисга тўсқинлик қилганидан шикоят қилишди

272

Қорасув туманининг Савай қишлоқ кенгашининг депутатлари қишлоқ ҳукумати раҳбари Мунарбек Сайпидинов «депутатларнинг ишига аралашиб, 4 январдаги йиғинни бузганидан» норози бўлишмоқда. Бу ҳақда «Клооп»га депутатларнинг бири Бакит Садиров билдирди.

Унинг айтишича, улар 2021 йилнинг бюджетини тасдиқлаш ва раиснинг маоши бўйича масалани қараб, 2020 йилнинг ҳисоботини эшитишлари керак эди. Шунингдек депутатлар қишлоқ кенгаши раисини алмаштириш масаласини ҳам киритишни таклиф қилиб, бу масалани биринчи навбатда кўриб чиқишни талаб қилишган.

Бироқ раис мазкур масалани депутатларнинг қаршилигига қарамай биринчи кўришдан бош тортиб, унинг ўрнига қишлоқ ҳукуматининг 2020 йилдаги ҳисоботини эшитамиз деб айтган деди Садиров.

Депутат бунга қишлоқ ҳукумати раҳбари Мунарбек Сайпидиновнинг «бевосита алоқаси бўлганини» билдириб, буни раис Али Байимбетов Сайпидиновнинг вакил боласи экани билан боғлаган.

«Аслида ҳукумат раҳбарини бизнинг сессияга аралашишга ҳақли эмас. Сайпидинов раиснинг ёнига кириб ўтириб олиб, иккиси тил бириктириб шуни ишни қилишди. Раис унинг айтганини қилиб, депутатларнинг таклифларини қўлламади. Охирида Сайпидинов айрим депутатларни кўзи билан имлаб чиқариб, тарқатиб юборди. Шундай қилиб сессия бўлмади», — деди Садиров.

Мазкур йиғинни «Ынтымак» телеканалининг журналисти жонли эфирда олиб берган. Унда депутатлар Сайпидиновга ва раисга Байимбетовдан норози бўлиб жанжал кўтаришган.

Шунингдек бу жонли эфирда қишлоқ ҳукумати раҳбари билан раис йиғиндан бирга чиқиб кетганини, қишлоқ ҳукуматининг раҳбари яна қайта кириб, депутатларга «Ҳисоботингизни олиб қўймайсизларми?” деб мурожаат қилаётганини кўриш мумкин.

«Энди ҳисобот бериб қўймаймизми, шошилинч, соат 12 бўляпти. Ишлашимиз керак», — деган Сайпидинов.

Раиснинг ўзи лавозимини топширишга қарши эмаслигини, «фақатгина масала кун тартибига қараб қаралиши керак бўлганини» айтган.

«Менга раисликдан бир сом фойда йўқ. Мен ойликсиз ишлаяпман, масалаларни қоидага мос равишда қараш керак. Махсус вақтда депутатлар таклифларини айтишса мен қарши эмасдим. Кун тартиби билан кетса ҳаммаси яхшида», — деди у.

Ҳукуматнинг Ўш вилоятидаги вакилининг матбуот котиби Нуркиз Кадирбек қизи вилоят раҳбари Жарасул Абдураимов «қишлоқ ҳукумати раҳбари депутатларнинг ишига аралашди» деган масалани кўриб чиқиш бўйича Қорасув туманининг ҳокимига топшириқ берганини айтди.

«Вилоят раҳбарига ижтимоий тармоқдаги видеони [йиғиндан жонли эфирни] кўрсатсам у «бу масала аниқлик киритилиб қаралиши керак. Ҳақиқатдан ҳам аралашишга ҳаққи йўқ. Ростдан ҳам шундай зўравон бўлса унда жазоланиши керак. Бу қишлоқ ҳукумати раҳбари ижтимоий тармоқда иккинчи марта муҳокама бўлмоқда» деди», — деб билдирди Кадирбек қизи.

Қишлоқ ҳукумати раҳбарига ишончсизлик

Савай қишлоқ кенгашининг депутатлари ҳозирда уларнинг асосий талаби қишлоқ кенгаши раисини алмаштириш, қишлоқ ҳукумати раҳбарининг 2020 йил ҳисоботини қаноатлантирмаслик ва унга ишончсизлик билдириш эканини айтишди. Депутатлар бу масалалар кейинги йиғинда қаралади деб умид қилишмоқда.

Мазкур қишлоқ кенгашининг бир қанча депутатлари олдин ҳам Мунар Сайпидинов жавобгарликка тортилишини талаб қилишган. Улар Сайпидинов ҳудудга қарашли ерларни сотилишига йўл қўйиб, бюджетдаги маблағни ноқонуний ажратиб олган деб айблашган эди.

Бироқ қишлоқ ҳукумати раҳбари депутатларнинг мақсади уни ишдан олиш эканини айтиб, айбловларнинг барчасини инкор қилган.

Сайпидиновнинг ўзи — Божхона хизмати раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг вакили ўғли.

У иш кабинетига вакил отасининг суратини илиб олгани билан жамоатчиликнинг ёдида қолган. Бундан ташқари, унинг Дубайдаги дам олиши вақтида олинган видеолари ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинган. Интернет фойдаланувчилари қишлоқ ҳукумати раҳбари видеодаги ҳаракатлари билан давлат ходими этикасини сақламаган деб ҳисоблашади.

19 ноябрда Сайпидиновнинг иш кабинетида тинтув ўтказилиб, буни Ўшда «Уюшган гуруҳни тузиш ёки унга қатнашиш» моддаси бўйича қўзғалган иш асосида бўлганини маълум қилган.

Бир кундан кейин Сайпидинов ўзи ижтимоий тармоқларда мурожаат билан чиқиб, унга Матраимовнинг вакил боласи бўлгани учун босим бўлганини айтиб, МХДҚнинг раҳбари Камчибек Ташиевдан уни қабул қилишни сўраган.

23 ноябрда у Ташиев билан учрашган.