Чуй вилоятининг Тоқмоқ шаҳрида ўгай отаси томонидан икки йилдан бери зўрлангани айтилган ўсмир қиз 29-декабрда оқловчисидан бош тортди. Бу ҳақда «Клооп»га қизнинг оқловчиси Шердор Абдикапаров билдирди.
«Бугун қиз руҳий касалликлар шифохонасидан чиқарилди. Уни Тоқмоқ шаҳрининг ижтимоий ҳимоя қилиш хизмати олиб кетди. Нимагадир у бугун мендан бош тортмоқда. Сизларга ҳам қизиқ туюлдими? Бироқ мен расмий турда илтимоснома ёздим, ёзма жавоб беришсин», – деди Абдикапаров.
Унинг айтишича, ижтимоий ҳимоя қилиш ходимлари билан қизнинг онаси ҳам бирга юрган. Бундан ташқари, оқловчи қизнинг онаси милицияга «Рамиль» исмли 22 ёшли одам унинг қизини зўрлаб юрган деб ариза ёзганини маълум қилди. Лекин Абдикапаров буни онаси ўгай отани жавобгарликдан қутқариш мақсадида айтяпти деб ҳисоблайди.
«Менга қизни ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича бувиси мурожаат қилган. Улар мендан ёзма равишда бош тортса ҳам, жиноятчилар жавобгарликка тортилмагунча бу ишни ташламайман, охиригача ишлайман», — деди у.
Бу вақтгача 15 ёшдаги ўгай қизини икки йилдан бери зўрлаб юргани айтилган киши 21-декабрда тергов изоляторига киритилгани маълум қилинган. Қизнинг «зўрлангани экспертизада аниқланишига қарамай» милиция ўгай отани уч-тўрт кундан кейин қўлга олган.
Чуй вилоят ички ишлар бошқармаси мазкур факт бўйича «Зўрлаш» моддаси билан судгача бўлган текширувни бошлаган.
Қизни хўрланаётгани бўйича онасини хабари бўлган, лекин у турмуш ўртоғининг жиноятини яшириб келган. Қиз зўрланаётганини олдин бувиси билан холасига айтган. Кейин улар милицияга хабар қилишган.
Ариза ёзилгандан кейин ўсмир қизни онаси руҳий касалликлар шифохонасига ётқизиб қўйган. Кейин касалхонага ўгай отаси келиб, «унга қарши кўрсатма» берадиган бўлса, қизни «ўлдираман» деб қўрқитгани айтилган.
Муаллиф: Хонзадахан Тахиржан қизи