Абдил Сегизбаев дебатда Жапаровнинг Бакиевлар билан алоқаси ҳақида гапирди

284

Президентликка номзод Абдил Сегизбаев 30 декабрда ўтган дебат вақтида Садир Жапаров қочқин президент Курманбек Бакиевнинг оиласи билан алоқаси бўлиши мумкинлигини билдирди.

«Сен [Садир Жапаров] Максим Бакиев, Жаниш Бакиев билан ҳеч қандай алоқам йўқ деяпсан, мана суратлар. Бу ерда Жаниш Бакиев тўйига энг яқин 100 кишини чақирган, уларни орасида сен ҳам юрибсан. Сен жиноятчимисан ёки менми?” — деб, Садир Жапаров билан унинг сафдоши Камчибек Ташиевни тадбирда бир дастурхонда ўтирган суратини кўрсатди.

Абдил Сегизбаев КТРКда ўтган дебат вақтида. 2020 йил, 30 декабрь

Шундан сўнг Сегизбаев Садир Жапаровга бир қанча саволлар берди:

Биринчи савол: 2001 йили «Ысык-Көл Инвест» банкидан 400 минг доллар олганмидинг, шу қайтариб тўкдингми?

Иккинчи савол: Шу банкни туғишганинг билан бориб босиб олганмидинг? Шу банк орқали 5 млрд долларни Максим Бакиевга «ювиб» берганмидинг?

Учинчи савол: Жиргаланг шахтани деярли текин олиб, Хитойга сотиб, ўтказиб бердингми?

Тўртинчи саволим: Киев 74. [Бу бинони] мародерлар қўлидан 500 минг долларга сотиб олганмидинг? (Сегизбаев МХДҚнинг Бишкекдаги бошқармасининг айтилган манзилида жойлашган биносини айтаётган бўлиши мумкин. Бу бино МХДВ жойлашгунча Курманбек Бакиевга тегишли бўлган — таҳ.)

Бешинчи савол: 2009 йили «Жетим-Тоо»ни Максим Бакиев билан бирга Хитойга ўтказиб берганмидинг? Нима учун бу ҳақда айтмадинг.

Олтинчи савол: 2009 йили 30 апрелда «Кумтор»ни сотишга ҳомий, қўлловчи бўлиб юрмадингми?

“2005-2010 йиллари 60 ўлим бўлаётганда нима учун Курманбек Бакиевнинг ёнида юриб, ҳеч нима демадинг? Максим Бакиев Қирғизистондан 3 млрд долларни олиб чиқиб кетганда Қирғизистоннинг Коррупция бўйича бош комиссари бўла туриб ҳеч нима қилолмадинг?” — деб қўшимча қилди у.

Шунингдек Сегизбаев Жапаровнинг сайлов фондига тушган пуллардан ҳам гумон қилаётганини билдирди. У Жапаровга пулларни Бакиевлар бериши мумкин деб тахмин қилмоқда.

«Агар эркак бўлсанг юзма-юз гаплашайлик. Қочманг. Бор ҳақиқатни бир-биримизга айтайлик. Агар мен айбдор бўлсам, мени жиноятчи денглар, агар сиз айбдор бўлсангиз тан олиб, қирғиз халқи олдида тиз чўкиб кечирим сўранг. Сизларнинг қурбонларингиз Ата-Бейитда ётибди. Шу режим такрорланишига мен йўл қўймайман. Биз, қирғиз халқи ҳаммасини кўрганмиз, тушунганмиз. Бунга йўл йўқ. Ҳаракатингизни тўхтатинг. Раҳмат», — деди Сегизбаев.

Теледебатлар тугагандан кейин КТРКнинг YouTube-каналидаги видеони кўришни имкони бўлмаган.

Сегизбаев Жапаровга қарши

МХДҚнинг собиқ раҳбари Абдил Сегизбаев президентликка номзод Садир Жапаровни қочқин президент Курманбек Бакиевнинг оиласи билан алоқаси ҳақида биринчи марта айтмаган.

«Сиёсий коктейль» кўрсатувида Жапаров «кимнинг кўрсатмаси билан» 2017 йили Қирғизистонга қайтиб келганини биламан деб айтган эди.

Бироқ Сегизбаев бу одамнинг номини сайловолди ташвиқотлар бошланганда айтишини билдирган. Журналист Елена Нечаевага 14 декабрдаги суҳбатида топшириқ Минскдан келганига ишонишини айтиб, Жапаровни қочқин президент Курманбек Бакиев билан алоқаси борлигини айтган.

Жапаров бунга жавоб қилиб, Таласдаги сайловчилар билан учрашувда Сегизбаевда унга нисбатан компромати йўқлигини билдирган.

«Энди компроматларда у айтди, бу айтди деган миш-миш сўзлар бўлиши керак. Компромати бўлса олиб чиқсин, бирга кўрайлик», — деган Жапаров.

Садир Жапаров 4 октябрда ўтган парламент сайловининг натижасидан юзага келган тартибсизликлар вақтида ҳукуматга келган. Шунда Жапаров тарафдорларининг қўллови билан олдин премьер-министр, кейин президент вазифасини бажарувчи бўлган.

Бундан ташқари, Жапаров бир қанча депутатларнинг ёрдамида бошқарув формасини танлаш бўйича референдумни таклиф қилди. Референдум 2021 йилнинг 10 январида президентлик сайлови билан бир кунда ўтказилади.