Президентликка номзодлар тарғибот ишларига 94,6 млн сом сарфлашди

875

Президентликка отланган 18 номзод 25 декабрга кўра ташвиқот ишларига умумий 94 млн 640 минг 746 сом сарфлашган. Номзодларнинг махсус ҳисобларига 104 млн 463 минг 444 сом йиғилган. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси билдирди.

Номзодлар орасидан энг кўп маблағ Садир Жапаровнинг ҳисобига тушган ва энг кўп сарфланган. Аниқроғи Жапаровнинг ҳисобига 51 млн 461 минг сом йиғилиб, ундан 50 млн 439 минг 859 соми сарфланган.

Кейинги ўринда Бабиржан Толбаев туради. Унинг ҳисобида 14 млн 224 минг 572 сом йиғилиб, ундан 9 млн 264 минг 488 соми сарфланган.

Бошқаларга нисбатан сайлов кампанияси кўп пул сарфлаганлар қаторида Имамидин Ташов бор. Унинг махсус ҳисобига 4 млн 924 минг 600 сом йиғилиб, ундан 3 млн 685 минг 510 соми сарфланган.

МХДҚнинг собиқ раиси Абдил Сегизбаев умумий 3 млн 759 минг 910 сом йиғиб, 3 млн 632 минг 305 сомини сайлов ташвиқотига сарфлаган.

Бундан ташқари, ташвиқот ишларига 3 млн сомдан кўп маблағ сарфлаганлар орасида Рашид Тагаев, Аймен Касенов бор.

Икки миллиондан ортиқ пул сарфлаганлар рўйхати бошида Женишбек Байгуттиев туради. Унинг ҳисобига 3 млн 337 минг 850 сом йиғилиб, ундан 2 млн 827 минг соми сарфланган.

Адахан Мадумаров сайлов кампанияси учун 2 млн 612 минг 826 сом сарфлаган. Шунингдек Курсан Асанов билан Равшан Жээнбеков ҳам икки миллион сомдан ортиқ маблағ сарфлаган.

Қолган номзодлар Арстанбек Абдилдаев (Арстанбай Алай), Канибек Иманалиев, Элдар Абакиров, Бактибек Калмаматов, Улукбек Кочкоров, Канат Исаев, Клара Сооронкулова ва Миктибек Арстанбек бир миллион сомдан ортиқ пул сарфлашган.

«Қирғизистон Республикаси Президентини ва Жогорку Кенеш депутатларини сайлаш ҳақидаги» моддаларга мувофиқ, банклар номзодларнинг махсус ҳисобларига пулларни тушиши ва сарфланиши ҳақидаги маълумотни ҳар ҳафта МСКга бериб туриши керак.

Олдин бир қанча номзодлар сайлов жараёнида маъмурий ресурслардан фойдаланиб, уларни ҳудудларда ташвиқот ишлари олиб боришларига тўсқинлик қилишганини айтишган. Айниқса Адахан Мадумаров унинг Иссиқкўлдаги ташвиқот ишларига тўсқинликлар бўлаётганини айтган.

Бундан ташқари, айрим номзодларнинг сайлов фондига тушган маблағлари бўйича ҳам муҳокамалар бўлган. Сайлов кампаниясига энг кўп пул тўплаган ва сарфлаган Садир Жапаров унга пулларни пенционер билан оддий халқ сарфлаётганини билдирган.

Бироқ «Клооп» Жапаровнинг фондига пул ўтказган фуқароларнинг рўйхатини ўрганиб, унда тадбиркорлар билан компаниялар борлигини аниқлаган.