Дебат: Исаев, Сооронкулова, Иманалиев парламентаризмнинг афзалликларини айтди

293

КТРК каналида 28 декабрда президентликка номзодларнинг теледебатлари ўтмоқда. Дебатларнинг иштирокчилари:

  • «Қирғизистон» партияси лидери Канатбек Исаев;
  • «Реформа» партияси лидери Клара Сооронкулова;
  • «Бутун Қирғизистон» партияси лидери Адахан Мадумаров;
  • Қирғиз-рус тараққиёт фонди бошқарувчиларининг собиқ аъзоси Аймен Касенов;
  • Собиқ депутат Бактибек Калмаматов;
  • «Ата Мекен» фракцияси депутати Канибек Иманалиев.

Бошловчи номзодларга ўлкани ривожлантириш учун қайси бошқарув формаси керак деган савол берди.

Канат Исаев 2010 йилгача ҳукумат тўлиқ президентнинг қўлида бўлганини таъкидлади. Унинг айтишича, премьер ҳокимнинг ўринбосари бўйича ҳам қарор қабул қилолмаган.

«Биз учун, мени фикримча, парламентлик бошқарув тизими жуда муҳим. Сабаби коррупциянинг боши бу ҳукуматнинг ҳаммасини бир қўлга беришдан бошланади. Мувозанат бўлиши керак, ҳукумат тармоқлари бир-бирини назорат қилиб туриши керак. Илгари хонлар вақтида ҳам жуда муҳим масала бўлганда қурултой чақириб, ўртага солиб, маслаҳатлашиб, кейин қарор қабул қилишган», — деди Исаев.

Клара Сооронкулова қирғизистонликлар олдин суперпрезидентлик мамлакатда яшашганини билдирди. Сооронкулова 2010 йили президентнинг ваколатлари қисқартирилгани билан амалда бу қонун ишламаганини айтди.

«Сайланиб келган президентлар — Атамбаев бўладими, Жээнбеков бўладими — Бош қонунга қарши ишлади, ҳукуматни узурпациялаб яна суперпрезидентлик бошқарувида қолдик. Бизга ҳозир парламентлик бошқарув керак», — деди Сооронкулова.

Канибек Иманалиев 21-аср парламентаризмнинг асри эканини таъкидлади.

«Сўнгги ўн йилда барча инқилоблар президентлик давлатларида бўлди: Яманда, Тунисда, Украинада, Грузияда, Қирғизистонда. Қирғизистон тарихини қараб кўрайликми? Манас отамиз хон Бакай, хон Кошой билан маслаҳатлашиб ҳал қилган. Барсбек хоқонни қирқ чоро сайлаган. Шу сабаб Қирғизистоннинг келажаги — бу тоза сайлов, ҳақиқий парламентаризм ва масъулиятли Жогорку Кенеш», — деди Иманалиев.

Қирғизистонда президентлик сайлови ва бошқарув формасини танлаш бўйича референдум 2021 йилнинг 10 январида бирга ўтади. Ҳозирда давлат раҳбари бўлишга 18 номзод курашмоқда.