Бишкекнинг Биринчи май туман суди 26-декабрда «Бишкек бош архитектураси»нинг раҳбари Асхат Тулўбердиевни уй қамоғига чиқарди. Бу эҳтиёт чораси суд қарори билан 2021-йилнинг 24-февралигача суд жараёни вақтигача деб қабул қилинди.
Тулўбердиев ер участкаларини сотишда коррупцияга аралашганликда гумон қилинмоқда. У МХДҚ томонидан қўлга олиниб, тергов изоляторига киритилган эди.
Терговчилар Бишкек мэриясини, Ер ресурслари бошқармасини ва «Бишкек бош архитектураси»нинг ходимлари 2017-йили манфаатдор одамлар билан «тил бириктиргани»ни аниқлаган. Уларнинг маълумотига кўра, олдиндан аниқланган ғолибларга ер участкаларини сотиш бўйича «ёлғон» ким ошди савдоси ўтказилган.
Тулўбердиевдан ташқари коррупция факти билан ким ошди савдосининг «қалбаки» қатнашчилари ҳам қўлга олинган.
Тулўбердиевларнинг «шубҳали ким ошди савдолари»
Бу Тулўбердиев аралашган давлат мулкига боғлиқ биринчи воқеа эмас. 2019-йили октябрда Factcheck.kgнинг журналистлари Тулўбердиевнинг акаси Ренат Тулўбердиевнинг «Киргизия 1» ҳудудида декларацияга киритилмаган шоҳона уйини аниқлашган. Ренат Тулўбердиев — Давлат мулкини бошқариш фондининг собиқ раҳбари.
Суриштирув давомида журналистлар амалдорнинг ва унинг оиласини кўчмас мулкка боғлиқ бир нечта «шубҳали» ҳаракатларини аниқлашган. Асосан Асках Тулўбердиев Иссиқкўл вилоятининг Чон-Сари-Ой қишлоқ ҳукуматидаги курорт ҳудуддан вақтинча фойдаланишга деб ер эгасидан 188 кв метр участка олган.
Ярим йилдан кейин у ҳайрия шартномаси бўйича участкани онаси номига рўйхатдан ўтказиб, онаси эса ўз навбатида ҳудди шундай йўл билан уни жиянига ҳадя қилган. Журналистларнинг маълумотига кўра, шундай схема билан Тулўбердиевларнинг оиласи номига шу ер участкасида жойлашган меҳмонхона ҳам «ўтказилган».
Бундан ташқари, Асхат Тулўбердиев 2018-йили 10 қаватли уйни қуришда лавозимидан фойдаланганликда айбланган. Бироқ у икки инстанциянинг судлари томонидан оқланган.