Жапаровнинг вакили Мелис Аспеков ва Торохан Жунусбековнинг устидан шикоят қилди

268

Президентликка номзод Садир Жапаровнинг вакили Александр Мочшин 23- декабрда Мелис Аспеков ва Торохан Жунусбековнинг устидан МСКга ва ИИВга шикоят қилди. Аризанинг сурати ижтимоий тармоқларда эълон қилинди.

 

Мочшин ўз аризасида Аспеков билан Жунусбеков Жапаровнинг штабига расмий томондан ва юридик томондан ҳам алоқаси йўқлигини, улар сайлов штабининг ходими эмаслигини ёзган. Бундан ташқари, Мочшин улар ижтимоий тармоқлар орқали Жапаровнинг ташвиқот кампаниясидан «шахсий манфаатлар учун фойдаланаётганини» билдирган.

«Мелис Аспеков ва Торохан Жунусбековни [...] номзод Садир Жапаров номидан чиқиб сўзлашга ҳеч ким ваколат бермаган. Шунингдек уларга Жапаровнинг суратини ва ташвиқот материалларини бирор мақсадда ёки акцияларда фойдаланишга рухсат берилмаган», — деб ёзган Мощин.

Мочшиннинг айтишича, Аспеков ва Жунусбеков ўзларининг «ноқонуний ҳаракатлари билан» Жапаров ҳақида салбий таъсир қолдириб, ташвиқотга тўсқинлик қилмоқда.

МСКнинг раисасининг ўринбосари Абдижапар Бекматов «Азаттык»қа Мочшиннинг аризаси бўйича ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилганини билдирди.

«Ўзимиз аниқлашга имкон бўлмагани сабаб биз ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилганмиз. Ички ишлар вазирлигига хат юборганмиз», — деди Бекматов.

Аспеков билан Жунусбеков «Vesti» нашрига уларнинг устидан ариза ёзилгани ҳақида хабари йўқлигини айтишган.

Аввалроқ «Коом.пресс» нашри «Мелис Аспеков спортчиларга 10 минг доллар берди» деган мақолани эълон қилган. Марказий сайлов комиссиясининг тезкор гуруҳи мазкур воқеани ўрганиш учун милицияга ва Бош прокуратурага мурожаат қилган. Шундан сўнг бу мақола ўчирилган.

Мелис Аспеков 30 октябрда Жапаровнинг Чуй вилояти бўйича штабининг етакчиси бўлганини айтган. Бу тайинлашгача Аспеков Жапаровнинг кадрлар бошқарувига норозилик билдириб, Бишкекнинг марказий майдонига бўз уй тиклаб, очлик эълон қилишга ваъда берган эди.

«Профессионал митингчи» қатори танилган Торохан Жунусбеков 8 декабрда «Мегаком» компанияси етакчисининг маслаҳатчиси этиб тайинланган. Кўп ўтмай 16 декабрда, Жунусбеков Талас вилоятида Жапаровнинг халқ билан бўлган учрашувида тушган суратини эълон қилган. МСК Жунусбеков ташвиқот ишларига қатнашган деган сабаб билан ИИВга мурожаат қилган.

Бу орада «Мегаком» компанияси Жунусбеков 14 декабрдан бошлаб меҳнат таътилига чиққанини маълум қилган.