Бишкек шаҳар суди 25 декабрда Маъмурий суднинг Марказий сайлов комиссияси «Ата Мекен» партияси лидери Ўмурбек Текебаевга депутатлик мандатини ноқонуний берган деган қарорини ўз кучида қолдирди.
Текебаев ўзи суд қароридан норози эканини билдириб, уни «сиёсий буйруқ» деб атади. Сиёсатчи Кактус.медиага берган интервьюсида билдиришича, у судга мурожаат қилмайди ва «мандатини олиб қўйишгунча» депутатлик ишини давом эттиради.
«Қонунда мандат номер бўйича эмас, кейинги турган ёки навбатдаги номзодга берилади деб ёзилган. Мен номзодлар рўйхатидан чиқмаганман, демак мен навбатдаги номзод бўламан. Агар оқлаш ҳукми чиқарилса, унда суд МСКга мандатни қайтаришни айтар эди, шунда МСК кимнидир мандатини тортиб оларди. Бироқ бундай қарор чиқмаган», — деб билдирди сиёсатчи.
МСКнинг матбуот хизматидан «Клооп»нинг мухбирига маълум қилинишича, комиссия қарор бўйича Олий судга шикоят қила олади. Бироқ МСК ҳозирча кассация аризасини бериш-бермаслиги бўйича қарор қабул қилмаган.
Аввалроқ МСКнинг ҳаракатидан Маъмурий судга шикоят қилган фаол ва пэт Темирлан Ормуков фейсбук саҳифасида кейинги қадамида Текебаев қатнашган Жогорку Кенешнинг қарорларини ҳаммасини бекор қилиш учун Конституциявий палатага мурожаат қилишини ёзди.
«Мен 15 октябрдан бери Текебаев қатнашган актларнинг ҳаммасини устидан шикоят қиламан, Буларнинг ҳаммаси ноқонуний бўлиши мумкин. Сабаби бу ерда кўчадан келган одам [Ўмурбек Текебаев] қатнашган», — деб билдирган Ормуков.
Текебаевга мандатни берилиши
23 ноябрда Бишкекнинг Маъмурий суди МСК Ўмурбек Текебаевга депутатлик мандатни ноқонуний берган деган қарор чиқарган. Суд бу қарорни фаол Темирлан Ормуковнинг даъвоси устидан чиқарган.
Сайлов комиссияси 15 октябрда «Ата Мекен» партиясининг лидери Ўмурбек Текебаевга мандатини қайтариб бериб, у қайтадан парламентга депутат бўлиб келган. Олдинроқ комиссия унга олтинчи чақирилишда бўш ўрин йўқлиги туфайли мандатини қайтариб беришдан бош тортган. Кўп ўтмай унинг партиядоши Садик Шер-Нияз Текебаевни парламентга келиши учун мандатини беришга тайёрлигини билдирган. У МСКнинг раисаси Нуржан Шайлдабекова номига ариза ёзиб, мандатини партия лидерининг фойдаси учун бекор қилишни сўраган.
Текебаев 2017 йили коррупция ва пул талаб қилиш бўйича айбдор деб топилиб, сиёсатчи депутатлик мандатидан маҳрум қилинган.
Текебаевда Жогорку Кенешга қайтиш имкони Олий суд мухолифатчининг олдинги инстанциядаги судларни ҳукмини бекор қилгандан кейин пайдо бўлган. Айни вақтда Текебаевнинг жиноий иши қайта кўриб чиқиш учун юборилган. Сиёсатчига айблов ҳукми чиққунга қадар парламентда ишлашга ҳақли.